Алиев набиралари учун Трампдан ҳадя сўради (видео)
Олам
−
09 Август 13801 2 дақиқа
Кеча, 8 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Оқ уйдаги учрашувда ҳазиломуз суҳбат ўтказди. Алиев суҳбат чоғида Трампдан набиралари учун совға сўради.
Учрашув давомида Дональд Трамп Илҳом Алиевга унга аталган совғаси борлигини айтган.
“Сизга совғам бор. Уни топширмоқчиман. Сизга ёқишига ишонаман”, деган у.
Илҳом Алиев эса Трампга ҳазиломуз жавоб қайтарган.
“Менинг тўққиз набира бор. Агар имкон бўлса, ҳаммасини олардим”, деган Озарбайжон етакчиси.
Трамп бунга ҳайрат билан жавоб берган ва Алиевнинг набираларига ҳам тангалар беришини айтган.
“Сизда 9 набира борми? Менга яна тангалар беринг. Сиз музокараларни жуда яхши олиб борасиз. Бу тангалар ҳаммага ёқади. Бу дунёдаги энг яхши танга, эҳтимол энг қиммат танга ҳамдир. Делегация аъзолари келсин ва сизни суратга туширсин”, деган АҚШ етакчиси.
Шундан сўнг, Дональд Трамп Илҳом Алиевга Оқ уйнинг рамзий калитларини ҳам тақдим этган.
“Мен сизга яна бир совға бермоқчиман. Бу Оқ уйнинг рамзий калитлари. Мен уларни жуда кам ҳолларда топшираман”, дея қўшимча қилган Трамп.
Мулоқот давомида Трамп Озарбайжон раҳбарига мурожаат қилиб, Озарбайжон халқи буюк эканини айтган.
“Сизнинг халқингиз буюк. Шахсан танишишимиздан олдин ҳам сиз мен ҳақимда яхши сўзлар айтгансиз. Ҳатто сайловдаги ғалабамиздан олдин ҳам”, деган у.
Илҳом Алиев бунга жавоб бериб, Трампнинг сўнгги бир неча ой ичида Осиё, Африка ва Жанубий Кавказга тинчлик олиб келганини эътироф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон АҚШ воситачилигида Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолагани хабар қилинганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь