Алиев Франциянинг қўли қонга ботганини айтиб, гап билан “савалади”
Олам
−
21 Ноябрь 2023
10821Франция нафақат ўзининг собиқ ва ҳозирги мустамлакаларида, балки Жанубий Кавказда ҳам барқарорликни бузади, у ерда сепаратизм тенденциялари ва сепаратистларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг “Деколонизация: Аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида сўз борган.
“У милитаристик сиёсат олиб бормоқда, Арманистонни қуроллантирмоқда, Арманистондаги реваншист кучларни рағбатлантирмоқда ва минтақамизда янги урушларни бошлаш учун замин тайёрламоқда. Айни пайтда Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги мақомини суиистеъмол қилиб, ўзининг нохолис, адолатсиз сиёсатини олиб бормоқда, турли минтақаларда геосиёсий интригалар уюштирмоқда, Ғарб ташкилотларидан давлатларга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Президентнинг билдиришича, Озарбайжон Республикаси Қўшилмаслик Ҳаракати раиси сифатида инсоният учун долзарб бўлган масалаларга доимо алоҳида эътибор бериб, халқлар дуч келаётган адолатсизликларни бартараф этиш борасида самарали ишларни амалга ошириб келган.
“Шу муносабат билан “аёл” ва “мустамлакачилик” мавзуларини уйғунлаштириш, мустамлакачиликдан чиқариш жараёнида аёлларнинг ролини кучайтириш давр талабидир. Афсуски, XXI асрда ҳам аёллар мустамлака қилинган ерларда қуллик ва эксплуатацияга учрамоқда, бу эса улар асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум бўлганини билдиради”, деди у.
Алиевнинг қайд этишича, Франция ҳозирда 13 та денгиз ҳудудини ўз мустамлакалари сифатида бошқармоқда, шунингдек, дунёнинг турли қитъаларида жойлашган собиқ мустамлакаларининг ички ишларига аралашиб, мустақиллик учун курашаётган халқаро ташкилотлар ва халқларнинг узоқ муддатли талабларига қарамай, неоколониализм сиёсатини давом эттирмоқда.
Озарбайжон раҳбарининг мурожаатида “инсониятнинг мустамлакачилик тарихидаги қонли жиноятларнинг аксарияти” Франция томонидан содир этилганига ҳам эътибор қаратилган.
“Мен Қўшилмаслик Ҳаракати раиси сифатида Франция босиб олган мамлакатларда инсониятга қарши кўплаб жиноятлар ва ваҳшийликларни аниқ фактлар билан бир неча бор санаб ўтганман. Франция томонидан Жазоир, Марокаш, Тунис, Мали, Жибути, Нигерия, Чад, Сенегал, Бенин, Кот-д'Ивуар, Марказий Африка Республикаси, Габон, Того, Камерун, Вьетнам, Коморлар Иттифоқи, Гаити ва бошқа мамлакатларда бир неча миллион бегуноҳ инсонлар, жумладан аёллар ва болалар ўлдирилган. 1994 йилда Руандада туци қабиласининг 800 мингдан ортиқ аъзоси ўлдирилгани учун ҳам Франция катта масъулиятни ўз зиммасига олади”, дейди Президент.
Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжон мустамлакачиликка қарши озодлик учун курашаётган халқларни қўллаб-қувватлайди.
“Неоколониализм тенденцияларига параллел равишда биз Францияда ҳам кенг тарқалган ирқчилик, ксенофобия ва исломофобияни кўрамиз. Франция ҳукумати мамлакат ичидаги бундай хавотирли ва хавфли тенденцияларга қарши курашиш ўрнига бошқа давлатларга насиҳат қилишга уринмоқда. Яқинда француз қўшинларининг Мали, Нигер ва Буркина-Фасодан чиқариб юборилиши унинг Африкадаги шафқатсиз неоколониализм сиёсати барбод бўлишга маҳкум эканини яна бир бор кўрсатди. Ўзининг мустамлакачилик тарихидан уялиши керак бўлган, қонли жиноятларга бой бўлган Франция ўзи қилган ваҳшийликлари учун узр сўраш ўрнига бошқа мамлакатлардаги уйдирма этник тозалашлар ҳақида ғийбат қилмоқда”, дея қўшимча қилган Алиев.
Қўшилмаслик Ҳаракати 1961 йилда Совуқ уруш қарама-қаршилиги шароитида ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун тузилган. Ҳаракат ташкил этилганидан кейинги дастлабки уч ўн йилликда деколонизация жараёнларини рағбатлантириш, янги мустақил давлатларнинг шаклланиши, халқаро муносабатларни демократлаштиришда муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда Қўшилмаслик Ҳаракатига 120 та давлат аъзо. 2019-2023 йилларда Озарбайжон Қўшилмаслик ҳаракатининг раиси ҳисобланади.