Алиев Эрдўған билан Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини муҳокама қилди
Олам
−
16 Март 2023
2964Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Анқарада Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбарининг Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Анқарадаги Президентлик саройида Озарбайжон Президенти номига фахрий қоровул саф тортган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни кутиб олган. Давлат раҳбарлари биргаликда суратга тушган.
Шундан сўнг Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитини Туркияда ўтказиш ташаббуси учун Озарбайжон Президентига миннатдорлик билдирган. Томонлар туркий давлатлар саммити форматининг аҳамияти ва тадбир Туркиядаги зилзила оқибатларини юмшатишга бағишланганини таъкидлаган.
Эрдўған Озарбайжоннинг Туркиядаги даҳшатли зилзиладан сўнг дарҳол кўрсатган биродарлик ёрдами ва бирдамлигини эслаган. Туркия етакчиси Озарбайжон қутқарувчилари ва шифокорларининг зилзиладан жабр кўрган ҳудудлардаги саъй-ҳаракатларини, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун мамлакатнинг кўрсатган инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолаган.
Ўз ўрнида, Илҳом Алиев зилзила муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдирган ҳамда Озарбайжон халқининг табиий офатдан қаттиқ ларзага тушганини айтган.
Шунингдек, суҳбат чоғида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, тинчлик шартномаси бўйича музокаралар жараёни ҳақида ҳам фикр алмашилган.
Кеча, 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди. Шу куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳам Анқара шаҳрида Ражаб Тойиб Эрдўған билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Саммит Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ўтказилмоқда. Саммит дастури якунида давлат раҳбарлари Анқара декларациясини имзолайдилар.
LiveБарчаси