Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди – Президент қарори

Жамият 1512
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини, унинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш мақсадида:

1. Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фанлар академияси муассислигида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини (кейинги ўринларда – Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:

•    Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш;

•    Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш;

•    Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш, улар яратган илмий ва бадиий асарларни жамлаш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан хорижий давлатлардаги илмий-ижодий марказлар билан ҳамкорлик қилиш;

•    ҳар йили Алишер Навоий туғилган сана – 9 февраль куни халқаро конференция (симпозиум) ва “Навоийхонлик кунлари”ни ташкил этиш ва ўтказиш.

3. Қуйидагилар:

•    Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди Васийлик кенгашининг таркиби 1-иловага мувофиқ;

•    Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондининг тузилмаси
•    2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Белгилансинки, Ижро этувчи дирекция Фонднинг ижро органи ҳисобланади ва унга ижрочи директор раҳбарлик қилади.

4. Васийлик кенгашига қуйидаги ваколатлар берилсин:

•    Фонднинг даромад ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларини ҳамда маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш;

•    Фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгилаш;

•    ижрочи директорни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

•    Ижро этувчи дирекция томонидан Фонд маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминлаш;

•    зарур ҳолларда, штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Фонднинг тузилмасига ўзгартириш киритиш;

•    Фонд зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор давлат ва нодавлат ташкилотларни ҳамда ҳомийларни жалб этиш.

5. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

•    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан ҳар йили 1 миллиард сўмгача ажратиладиган маблағлар;

•    халқаро молия институтлари грантлари;

•    юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•    қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Фанлар академияси ва Адлия вазирлиги икки ой муддатда
Фонд уставининг белгиланган тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

7. Фонд Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уйнинг бир қисмида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2021 йил 4 февраль

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 18
Рейтинг: 3.4
t
×