Алдаб сотилган ҳовли можароси: “куёв”га суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида бўлажак куёв алдов йўли билан қизнинг ҳовлисини сотиб юборгани хабар қилинганди. Бугун, 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди. 

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида судланувчи йигит Ш.Р. (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шу билан бирга, судланувчи Ш.Р.дан жабрланувчилар Ж.Ю. фойдасига 3 448 701 208 сўм, С.С. фойдасига 925 769 852 сўм ва Ж.А. фойдасига 464.672.126 сўм миқдорида зарар ундирилиши белгиланган. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Катта Оқтепа” МФЙ, Оқтепа кўчаси, 5А/3,4-уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Билдирилишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир.

Шунингдек, суднинг алоҳида ажрими билан Ш.Р.га оид жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган. Мазкур ажримдан норози томон ўн сутка муддат ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтириши мумкин.

Ўзи нима бўлган эди?

2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган. Бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Санжик” (Санжар Каримов)га 240 минг долларга сотиб юборган.

Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Санжик” (Санжар Каримов) 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

куёв Санжик ховли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг