“Ал-Қоида”нинг ўлдига чиқарилган раҳбари топилди. Унга ким бошпана берган?  

Олам

image

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати “Ал-Қоида” гуруҳининг етакчиси Айман аз-Завоҳирийга бошпана берган. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ раиси вазифасини бажарувчи Майкл Моррелл маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шу ёзда чоп этилган ҳисоботида аз-Завоҳирийнинг Афғонистонда яшаши айтилган. Морреллдан эса шу хулосага изоҳ бериш сўралган. 

imageФото: Айман аз-Завоҳирий

“Биз шундай деб ўйлаймиз. Бу “Толибон” аз-Завоҳирийга бошпана беришини, “Толибон” “Ал-Қоида”га бошпана беришини англатади. Ўйлайманки, “Толибон”нинг Афғонистондаги урушда ғалаба қозонгани, кейин эса бизнинг чиқиб кетганимиз бутун дунёдаги жиҳодчиларни илҳомлантирди. “Толибон”нинг даъво қилишича, улар нафақат АҚШни, балки НАТОни — дунёдаги энг катта ҳарбий кучни мағлуб этди. Байрам давом этмоқда. Менимча, жиҳодчилар нафақат илҳомланади, балки уларнинг кўпчилиги байрамнинг қисми бўлиш учун Афғонистонга жўнаб кетади. 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан сўнг, улар Афғонистон ташқарисига тарқалиб кетди. Ишонаманки, биз жиҳодчиларнинг оқимини қайта кўрамиз. Бу Афғонистонни сайёрадаги бошқа жойларга қараганда хавфлироқ қиладиган жиҳатлардан бири”, деган Моррелл. 

Морреллга кўра, АҚШ ҳукумати дунёда терроризмга қарши курашга эътиборини қаратиши керак. 

“Америка разведка жамиятининг фикрича, агар Вашингтон зарур чораларни кўрмаса, “Ал-Қоида” Афғонистондаги кучларини бир йил ичида қайта тиклай олади”, деган у. 

БМТ маълумотларига кўра, аз-Завоҳирий тирик, лекин у касал ва Афғонистонда бўлиб турибди. 

Аввалроқ, Айман аз-Завоҳирий АҚШда 11 сентябрда содир бўлган терактларнинг 20 йиллигига бағишланган видеороликда кўриниш бергани ҳақида хабар бергандик.  

Маълумот ўрнида, Айман аз-Завоҳирий 2011 йилнинг июнь ойида “Ал-Қоида” нинг етакчисига айланган эди. У “Миср исломий жиҳоди” ташкилотининг асосчиси. Вашингтон уни АҚШ фуқароларини мамлакат ташқарисида ўлдиришда, қотилликка тил бириктиришда ва давлат идораларига ҳужум қилишда айблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1313

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг