Саҳнадан сиёсатга. Зеленский аслида ким?
Олам
−
04 Апрель 2019
27578Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 март куни Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури бўлиб ўтган эди.
Украина Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, расман ҳеч бир номзод президентлик учун етарли овоз тўплай олмаган. Мамлакатда президентлик сайловининг иккинчи тури жорий йилнинг 21 апрель куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Президентлик сайловларининг биринчи турида телебошловчи Владимир Зеленский 30,4 фоиз овоз тўплаб, бошқа номзодлардан сезиларли даражада илгарилаб кетган. У ҳаттоки, амалдаги президент Пётр Порошенкодан икки баробар кўп овоз тўплаган.
Президентликка учинчи номзод ҳисобланган Юлия Тимошенко етарлича овоз тўплай олмагани сабаб, иккинчи турда иштирок этмайдиган бўлди ва энди президентлик учун кураш Владимир Зеленский ва Пётр Порошенко ўртасида кечади.
Телебошловчининг амалдаги президентдан кўп овоз тўплай олгани кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Шу боис, QALAMPIR.UZ эътиборингизга Зеленский ҳақида бир қатор маълумотларни тақдим этади.
Телебошловчи, актёр ва шоумен Владимир Зеленский 1978 йилнинг 25 январида Украинанинг Днепропетровск вилоятида таваллуд топган. Унинг отаси дастурчи, онаси эса муҳандис эди. Болалиги бирмунча қизиқ кечган. У оиласи билан 4 йил муддат Мўғулистонда яшаган. Ёшлигида спорт, пианино ва рақс тўгаракларига қатнашган.
Қизиқ томони, у болалигида сиёсат билан шуғулланишни орзу қилар эди. У Киев миллий иқтисодиёт университетининг ҳуқуқшунослик факультетини ҳам тугатган. Лекин, у бу соҳада бирор кун ҳам ишламади.
Мактаб йилларида Зеленский фаол равишда КВНда қатнашар эди. Ҳатто, 1997-2003 йилларда ўзининг “95-й квартал” жамоасини ҳам тузган эди. Кейинчалик, жамоа ичидаги зиддият туфайли КВНни тарк этади.
2003 йилдан Зеленский “95-й квартал”ни шунчаки жамоадан “95-й квартал” студиясига айлантирди ва у кўнгилочар видео-контентлар ишлаб чиқара бошлади. Украина ва Россия телеканаллари билан ҳамкорликда бир қатор дастурлар тақдим этди. Бу лойиҳалар унга жамиятда катта шухрат келтирган.
2013-2014 йиллардаги Украина сиёсий инқирози вақтида у “Майдон воқеалари” тарафдорларини қўллаб-қувватлаб чиқди. Мамлакат жануби-шарқидаги Украина армиясининг уруш ҳаракатларига ҳам бевосита таъсир ўтказиб турди. Натижада Россия телеканалларидаги бизнес фаолияти якунланди.
2018 йилнинг якунида Владимир Зеленский “1+1” телеканали орқали украиналикларга мурожаат билан чиқиб, мамлакат президентлигига ўз номзодини қўймоқчи эканлигини билдирган эди.
LiveБарчаси