АҚШнинг янги Миллий мудофаа стратегияси эълон қилинди

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан янги Миллий мудофаа стратегияси эълон қилинди. Унда Россия НАТОнинг шарқий аъзолари учун “доимий, аммо бошқариб бўладиган таҳдид” бўлиб қолаётгани қайд этилган.

BBC’нинг ёзишича, 2022 йилги стратегиядан фарқли ўлароқ – ўша ҳужжатда Хитойдан бўлаётган “таҳдид” АҚШ мудофааси учун асосий устувор йўналиш сифатида белгиланган эди – янги, 34 бетлик ҳужжатда Пекинни “куч орқали, бироқ қарама-қаршиликсиз” тийиб туриш зарурлиги қайд этилган.

“Президент Трамп барқарор тинчлик, адолатли савдо ва Хитой билан ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларга интилади ҳамда бу мақсадларга эришиш учун ХХР раиси Си Цзиньпин билан бевосита мулоқотга тайёр эканини кўрсатди. Шу билан бирга, Президент Трамп музокараларни кучли позициядан олиб бориш қанчалик муҳим эканини ҳам намойиш этди”, дейилади ҳужжатда.

2018 йилги ҳужжатда эса Хитой ва Россия АҚШ хавфсизлиги учун “асосий таҳдид” сифатида кўрсатилган.

Пентагон янги стратегияда АҚШнинг “муҳим ҳудудларга, хусусан Панама канали ва Америка кўрфазига (АҚШда энди Мексика кўрфази шундай аталади) ҳарбий ва тижорий кириш имкониятини” кафолатлашини билдиради.

“Биз Президент Трампга гиёҳванд-террорчиларга қарши улар қаерда бўлишидан қатъи назар ишончли ҳарбий ҳаракат вариантларини тақдим этамиз”, дейилади ҳужжатда.

Стратегияда Россияга алоҳида боб бағишланган. Унда Москва яқин истиқболда НАТОнинг шарқий аъзолари учун “доимий, аммо бошқариб бўладиган таҳдид” бўлиб қолиши қайд этилган.

“Россия демографик ва иқтисодий қийинчиликлардан азият чекаётганига қарамай, Украинадаги давом этаётган уруш унинг ҳануз сезиларли ҳарбий ва саноат салоҳиятига эга эканини кўрсатмоқда. Шунингдек, Россия яқин хориж ҳудудида узоқ давом этадиган уруш олиб бориш учун зарур бўлган миллий қатъият мавжудлигини ҳам намойиш этди”, дейилади Пентагон ҳужжатида.

Пентагон “АҚШ ҳудудида Россиядан келадиган таҳдидларга қарши мудофаа учун Америка қўшинларининг тайёргарлигини” таъминлашини билдирган. Стратегияда Вашингтон “Европа ҳарбий театридаги” Америка кучлари фаолиятини қайта кўриб чиқишга қарамай, НАТОда “ҳаётий муҳим роль”ни сақлаб қолиши айтилади.

“Москва Европада гегемонликка даъво қила олмайди. Европа НАТОси иқтисодий кўлам, аҳоли сони ва шунга мос равишда яширин ҳарбий қудрат жиҳатидан Россиядан анча устун. Биз Европа ишларида иштирок этамиз ва иштирок этишда давом этамиз, бироқ АҚШ ҳудудини ҳимоя қилиш ва Хитойни тийиб туришни устувор вазифа сифатида белгилашимиз керак ва шундай қиламиз. НАТО бўйича иттифоқчиларимиз АҚШнинг ҳал қилувчи, аммо янада чекланган кўмаги остида Европа мудофааси учун асосий масъулиятни ўз зиммасига олиш учун қулай ҳолатда турибди. Бу, жумладан, Украинани ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашда етакчи ролни ҳам англатади. Президент Трамп таъкидлаганидек, Украинадаги уруш якунланиши керак. Бироқ у урғу берганидек, бу биринчи навбатда Европанинг масъулиятидир”, дейилади ҳужжатда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Пентагон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг