АҚШнинг F-22 қирувчи самолётлари Яқин Шарққа етиб борди
Олам
−
09 Август
4716Қўшма Штатлар Эрон ва Исроил ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви фонида F-22 қирувчи самолётларини Яқин Шарқ минтақасига яқинроқ жойлаштирди. Бу ҳақда “Arab News” хабар берди.
Нашрда ёзилишича, Эроннинг Исроилга кутилаётган қарши ҳужуми олдидан расмий Вашингтон минтақадаги кучларини кучайтиришга киришган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги ижтимоий тармоқларда самолётларнинг сони ёки аниқ жойлашувини кўрсатмасдан туриб, ўз ҳаракатларини Эрон ёки унинг ишончли вакиллари томонидан минтақавий зиддият кучайиши эҳтимолини юмшатиш учун ҳудуддаги позицияни ўзгартиришга уринишнинг бир қисми сифатида баҳолаган.
Пентагон эса ўтган ҳафтада Мудофаа вазири Ллойд Остин томонидан ҳудудга қўшимча ҳарбий кемалар ва қирувчи отрядни ўз ичига олган кучларни жўнатиш ҳақида буйруқ берилганини эслатган.
F-22 – бу минтақада янги кучлар, жумладан, баллистик ракеталарни уриб туширишга қодир бўлган АҚШ ҳарбий ҳаво кемалари орасида энг илғор қирувчи самолётдир. Улар орқали АҚШ минтақада қуруқликка асосланган баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимини ҳам кучайтириши мумкин. АҚШ расмийларининг “Air and Space Forces” журналига маълум қилишича, ўнга яқин ушбу F-22 самолётлари Аляскадаги Эльмендорф-Ричардсон қўшма базасидан Яқин Шарқдаги базага етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон таҳдидига қарши АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун қўшимча жанговар самолётлар, шунингдек, баллистик ракеталарга қарши мудофаа қобилиятига эга крейсер ва эсминецларни юбориши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси