АҚШнинг Эрон билан уруши камида 45,1 млрд долларга тушди – CNN
Олам
−
15:45 371 2 дақиқа
Жорий йилнгинг сентябрь ойи ҳолатига кўра, АҚШнинг Эрон билан уруши камида 45,1 миллиард долларга тушган. Бу ҳақда Пентагоннинг Конгрессга тақдим этилган баҳолаши билан таниш манбаларга таяниб, CNN хабар берди.
Қайд этилишича, бевосита 3 сентябрга келиб харажатлар 43,6 миллиард долларни ташкил этган: 28,1 миллиард доллар – ўқ-дориларга, 11,2 миллиард доллар – ҳарбий операцияларни ўтказишга ва 4,3 миллиард доллар – йўқотилган ёки шикастланган техникага сарфланган. Яна 1,5 миллиард доллар қўшимча ёнилғи учун талаб қилинган. Пентагон, шунингдек, қонун чиқарувчилар томонидан сўралган билвосита харажатларнинг батафсил баҳосини Конгрессга тақдим этмаган.
Июль ойида Пентагон раҳбари Пит Хегсет уруш харажатларини 37,5 миллиард долларга баҳолаган. Шу тариқа, икки ойдан камроқ вақт ичида Америка расмийлари томонидан тилга олинган сумма яна 7,6 миллиард долларга ёки тахминан 20 фоизга ошган.
Конгресс Бюджет бошқармасининг 15 сентябрда эълон қилинган мустақил баҳолаши 1 август ҳолатига кўра тахминан 38 миллиард долларни ташкил этган. Идора ушбу сумма ҳам шикастланган объектларни тиклаш ва бошқа бир қатор харажатларни ўз ичига олмаслигини таъкидлаган. Бошқарма баҳолашича, ҳарбий ҳаракатларнинг нисбатан паст шиддати сақланиб қолган тақдирда, уруш Пентагонга ҳар ойда яна тахминан 2 миллиард долларга, июль ойидагига ўхшаш эскалация юз берганда эса 3 миллиард доллар ва ундан кўпроққа тушади.
Асосий харажат сабаби ўқ-дорилар бўлиб қолмоқда. Пентагон бош инспекторининг Эрон билан уруш ҳақидаги биринчи чораклик ҳисоботида идора илк бор уларнинг танқислигини расман тан олди. Ўшанда 28 февралдан 30 июнгача бўлган давр учун харажатлар 33,4 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, шундан 22,3 миллиард доллари ўқ-дориларга тўғри келган эди.
Конгресс Бюджет бошқармаси энг кўп талаб қилинадиган баъзи ўқ-дорилар захирасини тўлдириш беш йил ёки ундан кўпроқ вақтни олиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Уруш, шунингдек, энергия ресурслари нархига ҳам таъсир кўрсатган: бошқарма нефть ва газ етказиб беришдаги низо билан боғлиқ узилишлар 2027 йилнинг биринчи чорагида АҚШдаги инфляцияга тахминан 0,5 фоизлик пункт қўшишини кутмоқда.
Live
Барчаси