АҚШдаги ўнта штат ва пойтахтда намойишлар давом этмоқда
Олам
−
11 Июнь 6035 1 дақиқа
АҚШ ҳукумати томонидан ноқонуний мигрантларни депортация қилиш режаларига қарши намойишлар мамлакатнинг ўнта штати ва пойтахти Вашингтон шаҳрини қамраб олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Лос-Анжелесда беш кундан бери давом этаётган иммиграция рейдларига қарши намойишлар Нью-Йорк, Чикаго, Сан-Франциско, Бостон, Филадельфия, Остин, Денвер, Атланта, Сиэтл, Лас-Вегас ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
Мигрантларни депортация қилишга қарши намойишлар фонида АҚШда ноқонуний мигрантларни сақлаш жойлари тўлиб кетган. Ҳозирда 55 мингга яқин ноқонуний мигрант қамоққа олинган, ҳолбуки уларни жойлаштириш учун бор-йўғи 41,5 мингта ётоқ ўрни мавжуд. Тун давомида намойишлар пайтида тартибни бузганликда айбланган 500 нафарга яқин киши қўлга олинган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп буйруғига кўра, 9 июнь куни Лос-Анжелес шаҳрига қўшимча равишда 2 минг нафар Миллий гвардия ҳарбийлари ва 700 нафар денгиз пиёда аскарлари юборилган. Ўтган якшанба куни ушбу ҳудудда аллақачон 2 минг нафар гвардиячи жойлаштирилган эди.
Миллий гвардия бўлинмалари, шунингдек, Техас штатидаги Сан-Антонио ва Даллас шаҳарларига ҳам федерал объектларни муҳофаза қилиш мақсадида юборилган.
Live
Барчаси