АҚШдаги тўполон пайтида 50 дан ортиқ полициячи жароҳат олди

Олам 2355
image

Жорий йилнинг 6 январь куни Капитолийдаги тартибсизликлар пайтида АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг 50 дан ортиқ ходими жароҳат олди, улардан бир нечтаси оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Капитолий полицияси бошлиғи Стивен Санд томонидан эълон қилинган баёнотда сўз боради.

”Капитолий ва Вашингтон полициясининг 50 дан ортиқ ходими жароҳат олди. Капитолий полициясининг бир неча ходими оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди”, дейилади хабарда.

Тартибсизликлар ортидан Капитолий полицияси 6 январь куни жами 14 кишини ҳибсга олган ва жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш учун видеокамералар ва бошқа манбаларни текширишни давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш қилиб, Конгресс биносига бостириб кирган эди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлди, 68 нафар намойишчи ҳибсга олинди.

Вазият жиддий тус олганидан сўнг, Трамп ўз тарафдорларини қонунни бузмасликка, тинчликни сақлашга чақирди. Айни вақтда Конгресс атрофидаги вазият анча тинчиган ва полиция ҳудудни темир панжара билан ўраб олган. Дональд Трампнинг деярли барча тарафдорлари тарқалиб кетган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 53
Рейтинг: 3.1
t
×