АҚШдаги сайловдан олдин Россия Украина бўйича тинчлик саммитида қатнашиши керак – Зеленский
Олам
−
15 Июль
9470Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловидан олдин Россия ҳам Украина масаласи юзасидан тинчлик саммитининг иккинчи қисмида иштирок этиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 15 июль куни Киевдаги матбуот анжуманида сўз очди.
Бу саммит Украинанинг урушни тугатиш бўйича кенг кўламли дипломатик лойиҳаси бўлиб, Зеленскийнинг сўзларига кўра, навбатдаги тинчлик конференциясининг режаси ноябргача ишлаб чиқилиши керак. Шу мақсадда унда учта учрашув ўтказиш режалаштирилган.
“Улардан биринчиси – энергия хавфсизлиги бўйича Қатарда июль ойининг охири ёки август ойининг бошида бўлиб ўтади. Кейингиси август ойида Туркияда юк ташиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташкиллаштирилади. Ниҳоят, сентябрь ойида Канадада якуний йиғилиш ўтказилади. Унда маҳбусларни алмашиш ва депортация қилинганларни, жумладан, болаларни Украинага қайтариш масалалари муҳокама қилинади. Ушбу уч нуқтадан сўнг, агар улар самарали ишласа, тинчлик формуласининг барча бандларини амалга оширишнинг тўлиқ режаси тайёр бўлади”, деган Зеленский.
Шу йилнинг июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтган биринчи тинчлик саммитига 90 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди. Бироқ Россия унга таклиф этилмади.
Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин жорий йилнинг 11 июль куни РИА Новости'га берган интервьюсида Россия Украина бўйича тинчлик саммитларида иштирок этиш ниятида эмаслигини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Зеленский Украина учун бу йил урушни тугатиш режасини тақдим этиши муҳимлигини ва бу режани дунёнинг аксарият қисми қўллаб-қувватлашини айтганди.
LiveБарчаси