АҚШдаги масжидда ўсмирлар теракт уюштирди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Диего округидаги масжидга ҳужум уюштирилди ва оқибатда уч нафар эркак ҳалок бўлди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳужумни амалга оширганликда гумонланаётган 17 ва 18 ёшли икки ўсмир воқеадан кейин масжиддан бир неча квартал наридаги автомашина ичида ўз жонига қасд қилган.

Ҳодиса нафрат асосида содир этилган жиноят сифатида тергов қилинмоқда.

Ўққа тутилганлардан бири масжид қўриқчиси бўлган. Полиция фикрича, у “янада каттароқ ҳужумнинг олдини олишда ҳал қилувчи роль” ўйнаган.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, воқеадан бир оз олдин ўсмирлардан бирининг онаси полицияга мурожаат қилиб, ўғли, бир нечта қурол ва автомашинаси йўқолганини билдирган.

Ҳодисага АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам муносабат билдириб, отишмани “даҳшатли ҳолат” деб атаган ва ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтган.

Штат губернатори Гэвин Ньюсом ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирган.

“Дунё бўйлаб ибодат қилувчилар ўз ҳаётидан қўрқмаслиги керак. Калифорнияда нафратга ўрин йўқ ва биз диний жамоаларга қарши террор ёки қўрқитиш ҳаракатларига тоқат қилмаймиз”, деган у.

Бу округдаги энг йирик масжид ҳисобланади. Марказ таркибида Ал-Рашид мактаби ҳам фаолият юритади. У ерда беш ёшдан катта ўқувчилар учун араб тили, исломшунослик ва Қуръон дарслари ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистондаги масжидда бомба портлаганди. Ҳодиса оқибатида 30 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп теракт масжид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг