АҚШда Украинага 61 миллиард доллар ва ATACMS ракеталарини бериш таклиф қилинди

Олам

image

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ёрдам бериш учун алоҳида қонун лойиҳасини тақдим этди. У 61 миллиард доллар ва ATACMS ракеталарини ажратишни назарда тутади. Бу ҳақда Вакиллар палатасининг сайтида маълум қилинди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери республикачи Майк Жонсон Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича учта алоҳида қонун лойиҳасини эълон қилди.

Шунингдек, у Украинага ёрдам бериш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланиш, Эронга қарши янги санкциялар ва TikTok'ни блокировка қилиш масалаларига бағишланган АҚШ миллий хавфсизлик тўғрисидаги тўртинчи қонун лойиҳасини тақдим этишга ваъда берган.

Украина ёрдами тўғрисидаги қонун лойиҳаси 60,8 миллиард доллар ажратишни ўз ичига олади, шундан 13,8 миллиард доллар янги қурол ва жиҳозлар сотиб олишга, яна 23 миллиард доллардан кўпроғи Америка қуроллари захираларини тўлдиришга сарфланади.

Бундан ташқари, ҳужжат АҚШ Президентига Украинани узоқ масофали ATACMS ракеталари билан таъминлаш мажбуриятини юклайди.

Бироқ, Оқ уй раҳбари ракеталарнинг узатилиши АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларига зарар этказиши мумкин деб ҳисобласа, бу қарорни кейинга қолдириши мумкин.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, АҚШ маъмурияти Конгрессга 45 кун ичида узоқ муддатли “Украинани қўллаб-қувватлаш стратегияси”ни тақдим этиши, 60 кун ичида эса Киев билан кўрсатилган ёрдамни қайтариш бўйича келишув тузиши керак.

Исроил ва Тайванга кўмак учун тўловлар мос равишда 26 миллиард ва 8 миллиард долларни ташкил қилади.

Вакиллар палатасида алоҳида ҳарбий ёрдам пакетлари бўйича овоз бериш 20 апрель куни кутилмоқда.

АҚШ Президенти Жо Байден аллақачон эълон қилинган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ва Конгрессни ҳужжатларни тезда қабул қилишга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина ATACMS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг