АҚШда пўлат заводи портлаб кетди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
12 Август 6178 1 дақиқа
Кеча, 11 август куни АҚШнинг Пенсильвания штати Питтсбург шаҳрида жойлашган U.S. Steel заводида содир бўлган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлди, камида ўн киши жароҳат олди. Бу ҳақда расмийларга таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Маҳаллий қутқарув хизмати маълумотига кўра, заводдаги ёнғин маҳаллий вақт билан соат 10:51 да бошланган. Ҳодиса гувоҳлари ОАВга портлаш товушлари момақалдироқникига ўхшаганини айтган.
Қайд этилишича, ишчилардан бири портлаш содир бўлганидан бир неча соат ўтиб вайроналар остидан чиқариб олинган. Шифокорларнинг журналистларга айтишича, жароҳатланганлардан беш нафари тиббиёт муассасаларига олиб борилганидан бир неча соат ўтиб уйига кетишга рухсат олган. Яна уч киши эса ҳозирда травматология ва куйиш жароҳатлари марказида даволанмоқда.
U.S. Steel компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори Скотт Бакисо портлашдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида завод ходимлари ишчиларни қутқариш ва газни узишда “катта иш қилганини” таъкидлаган. Компания бош директори Дэвид Берритт эса ҳодиса сабаби синчковлик билан текширилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда вертолёт Миссисипи дарёсидаги баржа (двигателсиз кема) билан тўқнашиб, портлаш содир бўлганди. Ҳодиса оқибатда камида икки кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланган.