АҚШда полициячи 16 яшар қизни отиб ўлдирди (видео)
Олам
−
21 Апрель 2021
15773Кеча, 20 апрель куни АҚШнинг Огайо штатида полиция ходими қора танли 16 яшар қиз Макайа Брайантни отиб ўлдирди. Бу ҳақда махаллий WNBC телеканали хабар берди.
Манбага кўра, соат 6:30 ларда (Тошкент вақти билан 01:30) полиция бўлинмасига қиз пичоқ билан ҳужум қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Полиция ходимлари воқеа жойига етиб келган.
Полиция ходимидаги бодй камера олган тасвирларда Брайант пичоқ билан бошқа бир қизга ҳужум қилганини кўриш мумкин. Шу вақтда полициячи қизга қарата ўқ узган.
Қизни оғир аҳволда шифохонага олиб боришган, бир соатдан сўнг эса унинг вафот этганини айтишган.
Вафот этган қизнинг холаси, Хейзел Брайантнинг сўзларига кўра, у жияни билан биргаликда ижарада яшаган ва ўша куни жияни уй эгаларидан бири билан жанжаллашиб қолган. Унинг сўзларига кўра, қизнинг қўлида пичоқ бор эди, аммо полиция огоҳлантириш берганидан сўнг жияни Макайа пичоқни ерга ташлаган. Шунга қарамай, полиция унга қарата ўқ узган.
#BREAKING: #ColumbusOhio police release body cam footage from the shooting death of 15-year-old #makiyahbryant. The video shows police shooting her seconds before she appeared to be stabbing a civilian.
— YWN REPORTER (@YWNReporter) April 21, 2021
pic.twitter.com/trLgT5wvC8
Воқеа содир бўлган ерга 50 нафар агрессив кайфиятдаги инсонлар йиғилган, уларнинг баъзилари одамларни қасос олишга ҳам чақирган. Бу воқеа афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими бўйича собиқ полициячи Дерек Шовинга хукм ўқилган пайтда содир бўлган.
Маълумот учун Суд ҳайъати Шовинни Флойднинг ўлимида айбдор деб топган. Собиқ полициячи 40 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Сўнгги қарор икки ойдан сўнг чиқади.
Шаҳар мэри Эндрю Жинтер аҳолидан хотиржам бўлишни сўраб, вазиятни ўрганиш учун вақт кераклигини айтди.
“Барча масалаларга ойдинлик киритилгандан сўнг, биз вазиятни аҳолига маълум қиламиз. Ҳозирча эса сиздан хотиржам бўлишингизни ва жиноят ишлари бюроси ходимлари далиллар тўплашини кутишингизни сўрайман”, дейди мэр ўзининг Twitter саҳифасида. Жинтер полиция ходимида видеокамера бўлганини ҳам қўшимча қилган.
Аввалроқ, 11 апрель куни АҚШнинг Миннесота штатидаги Бруклин-Сентер шаҳрида полициячи афроамерикаликни отиб ўлдиргани, шундан сўнг шаҳарда норозилик намойишлари бошлангани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, ўтган йил 25 май куни Миннеаполисда 46 ёшли америкалик Жорж Флойд полициячи томонидан ўлдирилган. Интернетда собиқ полициячи Флойднинг бўйнига тиззасини босган ва у нафас ололмаётганини такрорлаган видеоролик кўплаб америкаликларнинг ғазабига сабаб бўлган.
Шундан сўнг, полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто, АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.
LiveБарчаси