АҚШда Финляндия ва Швеция масаласида охирги қадам қўйилди

Олам 3708
image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен НАТОга Швеция ва Финляндиянинг альянсга қабул қилиниши бўйича АҚШ ратификация қилган ҳужжатларни топширди. Бу ҳақда у ўз Тwitter саҳифасида маълум қилди.

“Бугун мен АҚШнинг ратификация протоколларини НАТОга топширдим. Бу Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги битимларни АҚШ томонидан ратификация қилиш жараёнидаги сўнгги қадамдир”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден жорий йилнинг 9 август куни Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколларни имзолаган эди.

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.     
  
Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши блокнинг барча аъзолари томонидан ратификация қилиниши керак. Бугунги кунга қадар альянсга кирган 30 та давлатдан 20 дан ортиғи шундай қилган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 34
Рейтинг: 2.9
t
×