АҚШда 9 январь мотам куни деб эълон қилинди
Олам
−
30 Декабрь 2024
8472АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден 2025 йилнинг 9 январь кунини мамлакатда собиқ президент Жимми Картернинг вафоти муносабати билан миллий мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.
“АҚШ Президенти, АҚШ Конституцияси ва қонунлари томонидан менга берилган ваколатга биноан, Президент Жеймс Эрл Картернинг хотирасини ҳурмат қилиб ва оммавий қайғуни ифода этиш мақсадида унинг вафотидан бошлаб 30 кун давомида АҚШдаги Оқ уйда ва барча жамоат биноларида, ҳарбий постлар ва денгиз станцияларида, шунингдек, АҚШнинг барча денгиз кемаларида байроқни ярим устунга тушириш бўйича кўрсатма бераман”, дейди Байден.
Маълумот учун, Картер 1977 йилдан 1981 йилгача давлат раҳбари бўлиб фаолият юритган ва истеъфога чиққанидан кейин хайрия ишлари билан шуғулланган, шунингдек, гуманитар лойиҳаларда иштирок этган.
2015 йилда Картерга саратон касаллиги ташхиси қўйилган. 2023 йилда у даволанишни тўхтатиб, қолган ҳаётини Жоржия штатининг Плейнс шаҳридаги уйида, парвариш остида ўтказишга қарор қилган.
2019 йилда Картер АҚШ тарихидаги энг узоқ умр кўрган президентга айланган, у икки ўзининг издоши – Рональд Рейган ва Жорж Буш ва ўзининг вице-президенти Уолтер Мондейлдан узоқ умр кўрди, Мондейл 2021 йил апрелида вафот этган. 2024 йил 1 октябрда Картер 100 ёшга тўлган эди.
Картер тинчликпарвар президент сифатида машҳур бўлган, чунки унинг муддатида Исроил ва Миср ўртасидаги Кемп Девид келишуви имзоланган. Картер 2002 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.
У АҚШ тарихидаги энг узоқ умр кўрган президентдир. Унинг тўрт фарзанди, 11 невараси ва 14 чевараси бор.
Шунингдек, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва Президент Жо Байден собиқ президентнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 декабрь куни америкалик давлат ва сиёсат арбоби, Демократик партиядан АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер 100 ёшида вафот этганди. Жимми Картер Жоржия штатида вафот этган. Унинг ўлим сабаблари маълум қилинмаган.
LiveБарчаси