АҚШда 27 минг боланинг ота-онаси ҳибсга олинди
Олам
−
08 Май 5048 2 дақиқа
АҚШнинг Дональд Трамп маъмурияти муҳожирларга қарши қатъий сиёсат доирасида минглаб ота-оналарни ҳибсга олгани маълум бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашрнинг ҳукумат ҳужжатлари асосида ўтказган таҳлилига кўра, 2025 йилнинг дастлабки етти ойида камида 27 минг нафар боланинг ота-онаси қўлга олинган. Ушбу даврда АҚШ Ички хавфсизлик департамаенти ҳар ой ўртача 1400 нафар ота-онани депортация қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги Байден маъмурияти даврига нисбатан қарийб икки баробар юқори бўлган.
Маълумотларга кўра, ҳибсга олинганлар орасида камида 12 минг нафар АҚШ фуқароси бўлган болаларнинг ота-оналари ҳам бор. Айрим ҳолатларда ота-оналар ва болалар турли давлат фуқаролари бўлгани сабабли оилаларни бирга сақлаб қолиш янада мушкуллашган.
Нашр бир неча муҳожир оилаларининг ҳикояларини ҳам келтирган. Улардан бири – Гаитидан борган аёл. У сиёсий зўравонликлардан қочиб АҚШга борган, аммо ҳибсга олингач, 13 ойлик қизидан минглаб километр узоқда сақланган. Аёлнинг айтишича, қизалоқ махсус парҳезга ва она сутига муҳтож бўлган, аммо ҳукумат уни озод қилишни рад этган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳолатни оила ажратишнинг янги инқирози деб атамоқда. Уларга кўра, ҳозирги вазият Трампнинг биринчи президентлик давридаги машҳур “zero tolerance” сиёсати давридан ҳам кенгроқ кўламга чиққан.
АҚШ Ички хавфсизлик департамаенти эса оилалар атайлаб ажратилётганини рад этган. Идора вакиллари ота-оналарга фарзандлари билан бирга депортация қилиниш мумкинлиги айтилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) депортация қилиниши лозим бўлган шахсларнинг уйларига суд қарорисиз киришга ўз ходимларига рухсат бергани ҳақида хабар қилинган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси