АҚШ ҳам Аш-Шарани террорчилар рўйхатидан чиқарди

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти кеча, 7 ноябрь куни кечқурун маълум қилишича, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ва ички ишлар вазири Анас Ҳасан Хаттаб террорчилар рўйхатидан чиқарилди. Баёнотда таъкидланишича, БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ тайёрлаган резолюцияни қабул қилиб, “Суриянинг янги босқичга ўтиши”ни тасдиқловчи кучли сиёсий сигнал берган.

“Президент аш-Шара бошчилигидаги янги Сурия ҳукумати бедарак йўқолган америкаликларни қидириш, терроризм ва гиёҳвандликка қарши курашиш, кимёвий қурол қолдиқларини йўқ қилиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка ҳисса қўшиш ҳамда сурияликлар раҳбарлигидаги инклюзив сиёсий жараённи илгари суриш учун барча чораларни кўрмоқда”, дейилган Давлат департаменти баёнотида.

10 ноябрь куни аш-Шара Вашингтонга илк расмий ташрифини амалга ошириши режалаштирилган. Кутилмоқдаки, у Оқ уйда Дональд Трамп билан учрашувда АҚШ раҳбарлигидаги “Ислом давлати” (ИШИД) га қарши коалицияга қўшилиш ҳақидаги келишувни имзолайди. Бу ташриф БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларни бекор қилмаган тақдирда ҳам амалга ошган бўларди, чунки Кенгашнинг санкциялар бўйича қўмитаси аввалроқ вақтинчалик ҳукумат раҳбарига сафар қилиш учун рухсат берган эди.

6 ноябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши аш-Шара ва Хаттабга нисбатан жорий этилган, ИШИД ва “Ал-Қоида” билан боғлиқ халқаро санкцияларни бекор қилди. АҚШ томонидан тақдим этилган резолюцияни 15 аъзодан 14 нафари, жумладан Россия ҳам, қўллаб-қувватлади, Хитой эса бетараф қолди.

Британия, Россия, Франция ва Покистон вакиллари бу қарорни Сурия иқтисодиётини тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Янги суриялик ҳокимият эса санкцияларни бекор қилишни мамлакатга нисбатан “ортаётган ишонч” ва халқаро ҳамжамиятга қайта интеграция имкони сифатида қабул қилди.

АҚШ бир неча ойдан бери БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатишга чақириб келаётган эди. Май ойида Дональд Трамп Вашингтоннинг Дамашқка нисбатан сиёсатини кескин ўзгартириб, америкалик томондан жорий этилган иқтисодий чекловларни бекор қилишини эълон қилган эди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори қабул қилинганидан бир кун ўтгач, Лондон ҳам аш-Шара ва Хаттабни террорчилар рўйхатидан чиқарди. Улар аввал ИШИД ва “Ал-Қоида”га қарши киритилган Британия молиявий чекловларига тушган эди. 2024 йил октябрда мамлакат “Ҳайят Тахрир аш-Шом” (ҲТАШ) гуруҳини ҳам террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарган – айнан шу гуруҳ 2024 йил декабрида Сурияда ҳокимиятни қўлга киритган эди.

“Reuters” агентлигининг хабар беришича, Европа Иттифоқи ҳам аш-Шарага нисбатан чекловларни бекор қилишга тайёрланмоқда. 

“Биз сурияликлар раҳбарлигидаги тинч ва инклюзив сиёсий ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлашда содиқмиз, бу Сурия халқи учун яхшироқ келажак қуришга ёрдам беради”, деди Европа комиссияси вакили.

2024 йил охирида Башар Асадни ағдарган Аҳмад аш-Шара аввал Абу Мухаммад ал-Жўлоний номи билан танилган. У 2003 йилда Ироқда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига қарши курашиш учун “Ал-Қоида” сафларига қўшилган. 2006 йилда америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олиниб, Ироқдаги қамоқхоналарда беш йил ўтирган.

2011 йилда озодликка чиққанидан сўнг, у “Жабҳат ан-Нусра” — “Ал-Қоида”нинг Сурия бўлимига асос солиб, уни бошқарган. Кейинчалик бу ташкилот 2017 йилда “Ҳайят Тахрир аш-Шом” (ҲТАШ) деб ўзгартирилган бўлиб, унинг асосий мақсади Асад ҳокимиятини ағдариш бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг