АҚШ ЖССТнинг “жаноза”сини ўқиди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари дунёда коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Қайд этилишича, қўшма штатлар 2021 йилнинг 6 июлидан эътиборан ЖССТ аъзолигидан чиқади. Мамлакат бу ҳақдаги қарорини аллақачон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 7 июль куни Бош котибнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик хабар берган. 
 
"2020 йил 6 июль куни Америка Қўшма Штатлари БМТ Бош котибига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига 1946 йилда қайд этилган аъзоликдан 2021 йил 6 июль куни чиқиши ҳақида хабар берган", дейди у. 

Дюжаррикнинг таъкидлашича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби АҚШ ЖССТдан чиқиш тартибида кўзда тутилган барча шартларни бажарганлигини текшириши керак. Ушбу шартлар аъзоликдан чиқиш ҳақида бир йил аввал огоҳлантириш  ва ташкилот олдидаги молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплашни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ЖССТ билан муносабатларни бутунлай тўхтатмоқчи эканлигини эълон қилганди. Боиси ташкилот раҳбарияти АҚШ маъмурияти талаб қилган ислоҳотларни амалга оширишдан бош тортган. Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари яна бир бор ЖССТни гўё Хитойни тўлиқ назоратига олишда айблаганди. Трампнинг сўзларига кўра, ХХР расмийлари ва ЖССТ раҳбарияти янги коронавируснинг тарқалиши муносабати билан тегишли чораларни кўрмаган.

"Улар керакли ислоҳотларни амалга ошира олмаганликлари сабабли, бугун биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан алоқаларимизни узаяпмиз ва молиявий ресурсларимизни дунёдаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа долзарб муаммоларга йўналтирмоқдамиз", деган эди Трамп. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ЖССТ

Баҳолаганлар

802

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг