АҚШ Европага ядровий бомбардимончиларини жойлаштирди
Олам
−
12 Февраль 2025 8192 3 дақиқа
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли иккита B-52H Stratofortress ядровий қурол ташишга қодир бомбардимончи самолёти Буюк Британиянинг Фэрфорд авиабазасига етиб келди. Бу ҳақда “UK Aviation News” хабар берди.
Қайд этилишича, улар Шимолий Дакотадаги Майнот авиабазасида жойлашган 69-бомбардимон эскадрильясининг таркибига киради. Яқин кунларда Буюк Британияга яна иккита шундай самолёт етиб келиши кутилмоқда. Ҳозирча уларнинг жойлаштирилишига оид батафсил маълумот берилмаган.
Бундан олдин Фэрфорддаги B-52 самолётлари НАТОнинг Болтиқбўйидаги машғулотларида иштирок этган ва минтақадаги эҳтимолий Россия тажовузининг олдини олишга йўналтирилган эди. Ўтган йилнинг ноябридан декабргача улар Финляндия, Швеция ва Литва устида тўққизта ўқув бомбалаш парвозини амалга оширган. Ушбу операциялар давомида НАТОга аъзо давлатларнинг қирувчи самолётлари уларни кузатиб борган.
Маълумот учун, Boeing B-52H Stratofortress – узоқ масофали оғир ядро бомбардимончиси бўлиб, у АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 1955 йилдан буён хизмат қилиб келмоқда ва доимий равишда модернизация қилинмоқда. У 31,5 минг килограммгача юк ташиш қобилиятига эга. Америкалик бомбардимончилардан ташқари Фэрфорд авиабазасида деярли ҳар куни миссияларни амалга ошира оладиган U-2 разведка самолёти ҳам жойлашган.
АҚШ Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Европадаги стратегик кучларининг иштирокини кенгайтирди. Бу, жумладан, Россия Президенти Владимир Путиннинг қўшни давлат ва Ғарбга қарши ядро таҳдидларига жавобан амалга оширилди. Фақатгина 2024 йилнинг ўзида АҚШнинг оператив бомбардимончи гуруҳлари Буюк Британия, Швеция, Испания ва Руминияга юборилди. Бунинг расмий сабаби сифатида НАТО иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсади кўрсатилди. Жорий йил январь ойининг ўрталарида АҚШ Европада модернизацияланган B61-12 ядровий авиабомбаларини жойлаштиришни якунлаганини эълон қилди.
Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси раҳбари Жилл Хруби НАТО уруш бошланганидан кейин вужудга келган “тубдан янги” ядровий шароитда куч намойиш қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, сўнгги йилларда Россия бир неча бор халқаро қоидаларга риоя қилмаганини ва стратегик барқарорликни издан чиқарганини қайд этди. Масалан, Россия Запорижя АЭСни қўлга киритди, Беларусга тактик ядро каллакларини жойлаштирди, Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш ҳақидаги шартномани ратификация қилишдан воз кечди, ушбу қуролни қўллаш чегарасини пасайтириб, тегишли доктринани қайта кўриб чиқди ва космосда ядро қуролини жойлаштириш устида ишлай бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скандинавия қироллиги разведка хизмати Данияга – НАТО ҳудудига Россия ҳужуми хавфи йўқлиги, бироқ келгуси йилларда бундай таҳдиднинг пайдо бўлиш эҳтимоли ортиши ҳақида ҳисобот берган эди. Ҳисобот муаллифларининг айтишича, 2022 йилдан бери Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар фонида Россия Қуролли кучларни кенг кўламли реконструкция қилиш ва ислоҳ қилиш ишларини олиб бормоқда.
Live
Барчаси