АҚШ Яқин Шарққа қўшимча куч юборди
Олам
−
13 Апрель
6944АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият кескинлашганидан кейин Яқин Шарққа қўшимча кучлар юборди. Бу ҳақда Пентагонга таяниб, “Politico” хабар берди.
Қайд этилишича, бу қарор АҚШ кучларининг минтақадаги мудофаа қудратини ошириш ва минтақавий тўхтатувчанликни сақлаш мақсадида қабул қилинган. Билдиришича, Эрон АҚШнинг аралашувига олиб келадиган минтақавий можарони қўзғатишдан кўра, сигнал юбориш орқали Исроилга қарши жавоб зарбаси бериш режаларини ўзгартиряпти.
Анонимлик шарти билан гапирган икки америкалик мулозимнинг айтишича, Теҳрон яқин кунларда Исроилга одатдагидан каттароқ ҳаво ҳужуми уюштирмоқчи, жумладан, бунинг учун ракеталар ва дрон ҳужумлари комбинацияси тайёрланмоқда.
Нашрга кўра, суҳбатдошларнинг ҳеч бири Эрон Исроилга АҚШни ҳарбий жавоб беришга ундамайдиган тарзда зарба бера олишига тўлиқ ишонч билдирмаган. Бироқ, Байден маъмурияти узоқ вақтдан бери Эрон минтақавий инқирозни янада кенгайтиришга интилмаслигини аниқлаган.
Улардан бирининг айтишича, Вашингтон Эрон шу ҳафта охиригача Исроилга зарба беришини кутмоқда.
Исроил-Эрон зиддиятининг кескинлашуви
1 апрель куни Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди.
Эрон етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг айтишича, консулликка берилган зарбалар мамлакат ҳудудига қилинган ҳужумни англатади.
АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтон Эроннинг Исроилга ҳужуми таҳдиди олдида Тель-Авивга ёрдам беришда давом этишини айтди.
Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац эса Тель-Авив Исроил ҳудудига ҳужум уюштирилган тақдирда Эронга жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Айрим давлатлар минтақада кескинлик кучайганлиги сабабли фуқароларига Эрон ва Исроилга саёҳат қилмасликни тавсия қилган.
LiveБарчаси