АҚШ Яқин Шарқдан қўшинларининг бир қисмини олиб чиқишни бошлади
Олам
−
19 Июнь 2021
3558Расмий Вашингтон Америка кучларини Яқин Шарқдан олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри Америка Президенти маъмуриятидаги манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларининг аниқлик киритишича, Пентагон Ироқ, Кувайт, Иордания ва Саудия Арабистонидан Patriot ракета тизимларининг саккизта батареясини олиб чиқиб кетмоқда. Шу билан бирга, Саудия Арабистонидан THAAD ракетага қарши тизими олиб чиқилмоқда, реактив қирувчиларнинг отрядлари қисқартирилмоқда. Таъкидланишича, илгари ушбу тизимларда хизмат қилган юзлаб ҳарбий хизматчилар АҚШга қайтиб келишади.
Суҳбатдошлардан бири минтақадаги ҳарбий мавжудликни қайта кўриб чиқиш АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти асосий эътиборни Россия ва Хитойнинг чақириқларига қаратмоқчи бўлганлиги билан боғлиқлигини таъкидлаган. Бошқа манбаларга кўра, Яқин Шарқдан қўшинларни олиб чиқиб кетиш минтақадаги анъанавий мудофаа даражасига қайтишдан дарак беради.
Шунингдек, ҳозирда минтақадан қўшинларни олиб чиқишнинг расмий сабаби номаълум.
Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
14 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилганди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси