АҚШ вайрон бўлган Афғонистонга $55 млн долларлик ёрдам кўрсатмоқчи
Олам
−
28 Июнь 2022
5911Америка Қўшма Штатлари вайронкор зилзиладан жабр кўрган афғон халқига тахминан 55 миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда мамлакат Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, дея хабар берди ТАСС.
“Қўшма Штатлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали табиий офатдан энг кўп жабр кўрганларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун 55 миллион долларга яқин қўшимча шошилинч инсонпарварлик ёрдами ажратади”, дейди Давлат котиби.
Хабарда айтилишича, Афғонистон фуқароларига эълон қилинган ёрдам доирасида энг зарур буюмлар: кўрпа-тўшак, кийим-кечак, қуёш лампалари, сув йиғиш ва сақлаш учун канистрлар, идиш-товоқлар юборилади. Бундан ташқари, зарар кўрган вилоятлардаги одамларга сув ва гигиена воситалари берилади.
Мамлакат Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, 22 июнь куни АҚШ етакчиси Жо Байден USAID ва бошқа идораларга Афғонистондаги зилзила муносабати билан АҚШ қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлигини ўрганишни топширган.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Кейинчалик эса қурбонлар сони 2000 нафардан ортиб кетди.
Мамлакатни бошқараётган "Толибон" ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зилзилага муносабат билдириб, расмий Тошкент Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди.
Шунингдек, “Толибон” Пактика ва Хост вилоятларида зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 1 миллиард афғони (тахминан 11 миллион доллар) ажратишини маълум қилди.
LiveБарчаси