АҚШ ва яна 33 давлат иштирокида ҳарбий машғулотлар бошланди
Жамият
−
01 Сентябрь 2023
8646Миср ҳарбий базаларида 34 давлат иштирокида “Bright Star 2023” қўшма машқлари бошланди. Бу ҳақда Миср Араб Республикаси Қуролли кучларининг расмий вакили X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўқув машғулотлари 31 августда бошланган ва 14 сентябрга қадар Миср шимолида жойлашган Муҳаммад Нагиб йирик ҳарбий базаси, шунингдек, Араб Республикасининг бошқа бир қанча ҳаво кучлари ва денгиз флоти базаларида давом этади. Машғулотларда 19 давлатдан 8 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи қатнашмоқда, яна 15 давлат вакиллари кузатувчи мақомида.
Маълумот учун, "Bright Star" икки йилда бир марта АҚШ ва Миср мезбонлик қиладиган қўшма ҳарбий машқлар серияси саналади. У биринчи марта 1980 йилда бўлиб ўтган. Машғулотларда бир қатор бошқа давлатлардан келган контингентлар ва кузатувчилар ҳам иштирок этади. 2018 йилда "Bright Star" ўз тарихидаги энг йирик машғулотларни ўтказган, унда Буюк Британия, Греция, Иордания, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Франция қуруқликдаги қўшинлари, денгиз флоти ва ҳаво кучлари ҳам қатнашган. Кузатувчи сифатида 16 давлат вакиллари таклиф қилинган, ўшанда АҚШ манёврларга 800 нафар ҳарбий хизматчини юборган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Беларусда КХШТ давлатларининг “Жанговар биродарлик-2023” қўшма ҳарбий машғулотлари бошланган эди. Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари қатнашмоқда.
LiveБарчаси