АҚШ ва Россия маҳбусларни алмашди
Олам
−
08 Декабрь 2022
13640АҚШ ва Россия маҳбусларни алмашиш борасида ўзaро келишувга эришди. Натижада америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер ва Россия фуқароси Виктор Бут ўз ватанига қайтадиган бўлди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Бут “Ўлим савдогари” лақаби билан танилган. У америкаликларни ўлдириш, зенит-ракеталарни сотиб олиш, экспорт қилиш ҳамда террорчилик ташкилотига моддий ёрдам кўрсатишда айбланиб, АҚШда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Москва 2012 йилда Бутга нисбатан чиқарилган ҳукмини асоссиз ва нохолис деб атаган. Виктор ҳам ўзини айбсиз деб ҳисоблаб келади.
Виктор Бутнинг ватанига қайтарилганини Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлаган.
Қайд этиш керакки, америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер жорий йилнинг 17 февраль куни “Шереметево” аэропортида қўлга олинган. У гиёҳванд моддалар контрабандасида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 2-қисми) ва уларни ноқонуний ташишда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми) айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Грайнерни ватанига қайтариш учун Америка Президенти Жо Байденнинг ўзи ҳам ҳаракат қилди. У ҳаттоки спортчини озод қилиш масаласини Россия Презденти Владимир Путин билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирганди.
Россия ва АҚШ ўртасида маҳбусларни алмашиш борасида бир-неча музокаралар ўтказилган эди. Бироқ буларнинг барчаси кутилган натижа билан якунланмаган.
Маълумот учун, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2015 йилдан бери Россиянинг Урал кон-металлургия компанияси баскетбол клубида фаолият юритиб келарди. Шунингдек, Грайнер WANBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.
LiveБарчаси