АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум очди: дунё етакчилари қандай маносабатда?

Олам

image

Исроил ва АҚШ ҳужумига жавобан Эрон ҳам Исроил ва Яқин Шарқдаги бир нечта нишонларга ҳужум қилди. Қаршилик кенгайиб борар экан, дунё ва минтақа етакчилари турлича муносабат билдирди.

Мунозараларга муносабатлар халқаро ҳуқуқий эътирозлар ва дипломатик чақириқлардан тортиб, суверенитет бузилиши ҳамда минтақавий кескинлик кучайиши ҳақидаги огоҳлантиришларгача бўлган.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ва собиқ президент Дмитрий Медведев Вашингтоннинг дипломатик позициясини рад этган.

“Тинчликпарвар асл қиёфасини кўрсатди. Эрон билан олиб борилган музокаралар шунчаки ниқоб эди. Буни ҳамма биларди. Энди душманнинг аянчли якунини кутишга кимнинг сабри етади? Аслида ҳеч ким жиддий музокара олиб боришни истамаган”, деган Медведев.

Шунингдек, Медведев вазиятни тарихий нуқтаи назардан баҳолаб, “АҚШ атиги 249 ёшда, Форс империяси эса 2 500 йилдан ортиқ тарихга эга эканини айтган ва 100 йилдан кейин кўрамиз”, дея хулоса қилган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас воқеаларни “хавфли” деб атаган ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ҳуқуққа риоя қилишга чақирган. 

“Мен Исроил Ташқи ишлар вазири Саар ва минтақадаги бошқа вазирлар билан суҳбатлашдим. Европа Иттифоқи, шунингдек, дипломатик йўлларни излаш мақсадида араб ҳамкорлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда”, деган Кая Каллас.

Европа Иттифоқи, шунингдек, Европа фуқароларини консуллик орқали чиқариш ишларини бошлаганини билдирган.

“Фуқароларни ҳимоя қилиш ва халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя этиш устувор вазифадир. Консуллик тармоғимиз Европа Иттифоқи фуқароларининг чиқиб кетишини таъминлаш учун тўлиқ сафарбар этилган. Зарур бўлмаган Европа Иттифоқи ходимлари минтақадан олиб чиқилмоқда”, дея қўшимча қилган Каллас.

Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг ракета ҳужумини “хавфли кескинлашув” деб қоралаган ва жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилган.

Баҳрайн Эрон ҳужумлари мамлакатдаги объект ва иншоотларга қаратилганини тасдиқлаб, буни “суверенитетнинг очиқдан очиқ бузилиши” ва “хиёнаткорона ҳужумлар” деб атаган ҳамда улар миллий хавфсизлик ва аҳоли хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётганини билдирган.

Норвегия Ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде Исроилнинг профилактик зарба бўйича асосланишини “халқаро ҳуқуққа мос эмас” деб атаган ва бундай ҳужумлар фақат “бевосита ва муқаррар таҳдид” мавжуд бўлгандагина асосли бўлишини таъкидлаган.

Ливан Бош вазири Наваф Салам Байрутнинг можарога аралашмасликка интилаётганини билдирган.

 “Бизни ҳеч ким мамлакат хавфсизлиги ва бирлигига таҳдид соладиган “саргузаштлар”га тортишига йўл қўймаймиз”, деган Наваф Салам.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳозирги вазият учун “Оятуллоҳ режими ҳаракатлари”ни сабаб қилиб кўрсатиб, масъулиятни Теҳрон зиммасига юклаган.

Турли муносабатлар халқаро ҳуқуқий талқинлар ва стратегик позициялардаги фарқларни намоён этмоқда: Европа расмийлари халқаро ҳуқуққа урғу бермоқда, Форс кўрфази давлатлари суверенитет ва хавфсизликка эътибор қаратмоқда, Россия АҚШ мақсадини шубҳа остига қўймоқда, Украина эса айбни Эрон раҳбариятига юкламоқда.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Яқин Шарқд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг