АҚШ ва Франция Туркиядаги терактга муносабат билдирди

Олам

image

Оқ уй, Европа комиссияси ва Франция Президенти кеча, 13 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида содир этилган портлашни қоралади, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. 

“Америка Қўшма Штатлари бугун Истанбулда содир бўлган зўравонлик ҳаракатини кескин қоралайди. Ақлимиз жабрланганлар биландир, шунингдек, яқинларини йўқотганларга чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер ўз ёзма баёнотида. 

Шунингдек, ҳужжатда, АҚШ терроризмга қарши курашда НАТОдаги иттифоқдоши Туркия билан елкама-елка туриши айтилган. 

Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам Истанбул марказидаги терактда инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Туркияга ҳамдардлик билдирди.  

“2015 йилнинг 13 ноябрида Францияда содир этилган теракт қурбонларини хотирлаганимизда, миллатимиз учун рамзий маънога эга бўлган ушбу рамзий кунда турк халқи Истанбулдаги ҳужумдан саросимада. Биз турк халқининг дардига шерикмиз ва уларни терроризмга қарши курашда қўллаб-қувватлаймиз”, деб ёзди Франция раҳбари ўзининг Twitter’даги саҳифасида.  

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса портлашда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.  

“Кеча Истанбулда шафқатсиз ҳужумдан сўнг қурбон бўлганлар учун Туркия ва турк халқига чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Менинг фикрим қурбонларнинг оила аъзолари билан”, дейди Еврокомиссия раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған аввалроқ воқеада террор изи борлигини айтган эди. Кейинроқ республика вице-президенти Фуат Ўктай портловчи қурилмани аёл киши ишга туширганини айтди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбулдаги портлаш

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг