АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар бошланди – Фидан
Олам
−
08:35 3349 2 дақиқа
АҚШ Эрон билан олиб борилаётган музокаралар доирасида Туркия билан алоқаларни мувофиқлаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан A Haber телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Америкаликлар бу жараённи биз билан мувофиқлаштирмоқда, биз мулоқотдамиз. Шу билан бирга, биз бу ҳақда эронликларни ҳам хабардор қилиб боряпмиз”, деган вазир.
Унинг қўшимча қилишича, хабарлар алмашинуви Покистон орқали амалга оширилмоқда.
Фиданнинг айтишича, музокаралар маълум бир босқичга етган. Туркия ҳам АҚШ, ҳам Эрон билан алоҳида учрашувлар ўтказиб, ҳар икки томоннинг талаб ва кутишларини тушунишга ҳамда уларга тегишли сигнал етказишга ҳаракат қилмоқда.
Яқин Шарқдаги вазият 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан кейин кескинлашди. Бунга жавобан Эрон Форс кўрфази давлатларидаги объектларга, жумладан БАА, Саудия Арабистони ва Баҳрайнга ракета ҳамда дрон зарбалари берди.
“Bloomberg” маълумотига кўра, Туркия фаол дипломатик иш олиб бориб, Эрон зарбаларига учраган араб давлатларини можарога бевосита ҳарбий аралашмасликка чақирмоқда.
Анқара араб давлатларининг урушга қўшилиши бутун минтақавий урушга олиб келишидан хавотирда ва воситачи сифатида АҚШ иттифоқчиларини жавоб зарбаларидан тийишга ҳаракат қилмоқда. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бир неча бор вазиятни юмшатишга чақирган эди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Эрон АҚШ билан келишувга эришмоқчи, аммо буни очиқ айтишдан чўчиётганини билдирди. Унинг айтишича, музокаралар давом этмоқда.
Аввалроқ, Трамп Теҳрон билан алоқаларни “жуда яхши” ва самарали деб баҳолаган, бироқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён буни рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Форс кўрфазидаги араб давлатлари Дональд Трампнинг Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишув тузиш ниятидан хавотирдалиги ҳақида хабар берилганди. Улар бундай келишув оқибатида минтақада ғазабнок ва ҳамон қудратли рақиб билан юзма-юз қолишдан қўрқмоқда ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилмоқда.
Live
Барчаси