АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида музокаралар бошланди
Олам
−
11 Апрель 1756 2 дақиқа
Бугун, 11 апрель куни Исломободда Америка ва Эрон делегацияларининг учрашуви бошланди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Дональд Трамп билан суҳбатдан сўнг “NewsNation” телеканали журналисти хабар берди.
“Мен музокаралар расман бошландими, деб сўрадим ва у тасдиқлади”, дейди журналист.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Президенти, шунингдек, Эрон учрашув давомида қанчалик очиқ экани тез орада маълум бўлишини таъкидлаган.
Исломободдаги музокаралар
Эрон делегацияси ҳам Покистон пойтахтига етиб борган. Унга Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва парламент спикери Муҳаммад Боғир Ғолибаф раҳбарлик қилмоқда. Музокаралар марказида АҚШнинг тахминан 450 килограмм юқори даражада бойитилган уранни топшириш ва Ҳормуз бўғозини халқаро кема қатнови учун тўлиқ очиш талаби туриши кутилмоқда. Бошқа асосий масалалар қаторига Эроннинг минтақавий иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши, Эрон баллистик ракета дастурининг мақоми ва Теҳроннинг Америка санкцияларини бекор қилиш талаби киради. Эронни бомбардимон қилиш тўхтатилгандан бери бўғоз орқали фақат оз сонли кемалар ўтган.
Аввалига делегациялар Покистон восичилари – Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва олий ҳарбий қўмондон, фельдмаршал Осим Мунир билан алоҳида учрашади. Шундан сўнг АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтиши керак.
АҚШ армиясининг истеъфодаги генерали Жек Кин кеча, 10 апрель куни Америка қуролли кучлари Ҳормуз бўғози устидан назорат ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.
“Мен биламанки, бизнинг кучларимиз ушбу бўғозни очиши ва у орқали ўтаётган кемалар хавфсизлигини таъминлаши мумкин”, дейди у “Fox News” телеканалига.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар бўғознинг бутун ҳудуди устида “мутлақ ҳаво тўсиғини” ўрнатишга қодир. Трамп Ҳормуз бўғозининг очилиши ҳар қандай келишув учун асосий шарт эканини бир неча бор таъкидлаган. Теҳрон эса ўз навбатида Эроннинг бўғоз устидан назорат қилиш ҳуқуқи тан олинишига интилмоқда. Шунингдек, у минтақадаги барча ҳарбий операцияларни тўхтатишни ва Эронга етказилган зарар учун репарация (товон пули) тўлашни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳалигача Ҳормуз бўғозини тўлиқ оча олмаётгани, чунки у ерга ўрнатилган барча денгиз миналарини аниқлолмаётгани ва уларни тезкор зарарсизлантириш имкониятига эга эмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси