“АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитетини қўллаб-қувватлашга содиқ”. Блинкен Мирзиёев қабулида бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 март куни Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларнинг кенг доираси ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилган.

Суҳбат аввалида Давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистон раҳбарига Қўшма Штатлар Президенти Жо Байденнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий экани яна бир бор қайд этилган. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган демократик янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилган, улар тўлиқ қўллаб-қувватланган.

Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ва кўплаб бошқа йўналишларда эришилган катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилган. 

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан таъкидланган.

Кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан Стратегик ҳамкорлик бўйича самарали мулоқотни илгари суриш ва турли даражаларда сермаҳсул алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги тасдиқланган.

Савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини, энг аввало, юқори технологик тармоқларда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Маданий-гуманитар алоқаларни, шу жумладан мамлакатимизда ёшларга инглиз тилини ўқитиш ва малакали ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини фаоллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Куни кеча “АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари” (“С5+1”) форматида ўтган вазирлар учрашувининг амалий натижалари ижобий баҳоланган.

Минтақа мамлакатларининг барқарор тараққиётига кўмаклашиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш каби йўналишлар кўрсатиб ўтилган.

Шу ойда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) йиғилишига муҳим аҳамият берилмоқда.

Шунингдек, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида кенг халқаро ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Ушбу мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашишига ва гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўйиб бўлмаслиги, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш алгоритмини ишлаб чиқиш учун БМТ майдонидан фаол фойдаланиш зарурлиги, шунингдек, тинчлик жараёнига ва Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш учун минтақавий инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги тўғрисида якдил фикр билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг