АҚШ уруш бошлангандан бери биринчи марта Украинага энг катта ёрдам пакетини ажратяпти

Олам

image

АҚШ ҳукумати Украинага яна 3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер кеча, 6 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги брифингда маълум қилди. 

“Бугун АҚШ Украинага 3 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилиш орқали Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятини доимий қўллаб-қувватлашини намойиш этади”, дейди Жан-Пьер. 

Унинг қайд этишича, 2,8 миллиард долларлик турли хил маблағлар тўғридан-тўғри Пентагон захираларидан тақдим этилади. Бу Вашингтон томонидан Киевга ҳозиргача ажратилган энг катта ёрдам пакети бўлади. Хусусан, унинг таркибига Bradley пиёда аскарларининг жанговар машиналари, ўзиюрар гаубицалар, миналардан ҳимояланган Mine-Resistant Ambush-Protected зирҳли транспорт воситалари, “ер-ҳаво” ракеталари, шунингдек, бошқа воситалар ва ўқ-дорилар киради. 

Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Конгресс билан ўзаро ҳамкорликда маъмурият Украина ва Россиянинг босқинидан жабрланган мамлакатларга хорижий давлатларга молиявий ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури доирасида яна 907 миллион доллар ажратишни режалаштираётганини айтди. 

“Бу маблағнинг 225 миллион доллари Украина Қуролли кучларининг уруш давридаги эҳтиёжларига, уларни Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун зарур воситалар билан таъминлашга йўналтирилади”, дейди Блинкен.

Улардан Киевга аллақачон берилган ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.  

“Узоқ муддатда бу хорижий ҳарбий маблағ Украинанинг қуролли кучларини ривожлантириш ва модернизация қилиш орқали мудофаа қобилиятини тиклаш учун ишлатилиши мумкин”,  дея қўшимча қилди АҚШ Давлат котиби. 

Қўшма Штатлар ушбу дастур бўйича НАТОнинг шарқий қанотидаги иттифоқчиларига Киевни қурол-яроғ билан таъминлаганидан кейин захираларини тўлдириш, шунингдек, келажакда улардан Украинага етказиб беришни рағбатлантириш учун 682 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратишни режалаштирмоқда.  

“Европалик иттифоқчилар ва ҳамкорлар учун ажратилган 682 миллион доллардан ортиқ хорижий ҳарбий маблағ Россиянинг Украинадаги урушидан жабрланганларнинг салоҳиятини оширишга йўналтирилади”, дейди Блинкен. 

Унга кўра, Украинадаги можарога фақат Россия чек қўя олади. 

"У буни қилмагунча, биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз", дейди у Жо Байден президентлигининг бошидан бери Қўшма Штатлар Киевга ҳарбий ёрдам учун деярли 25 миллиард доллар сарфлаганини эслатиб. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг