АҚШ Украинанинг мустақиллик кунига совға бермоқчи
Олам
−
24 Август
5513АҚШ Украинага мамлакатнинг мустақиллик куни муносабати билан янги ҳарбий ёрдам пакетини етказиб беради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ёрдам пакети 125 миллион долларлик ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракеталари, HIMARS учун ўқ-дорилар, Javelin ва бошқа қуролларни ўз ичига олади.
АҚШ Президенти Жо Байден Киевни мустақиллик куни билан қутлар экан, Россия билан кечаётган уруш Украина эркин, суверен ва мустақил давлат бўлиб қолиши билан тугашини таъкидлаган.
"Мен бугун Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишимиздан фахрланаман. Пакет Украинанинг муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини ўз ичига олади. Жанг майдонида Россиянинг ривожланаётган тактикасига қарши ҳимоя қилиш учун учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда зирҳга қарши ракеталар, фронт аскарлари учун ўқ-дорилар ва уларни ҳимоя қилувчи мобил ракета тизимлари ҳам мавжуд", дейди Байден.
Оқ уй раҳбари, шунингдек, уруш билан боғлиқ ҳолда, Россиянинг 400 га яқин юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан янги санкцияларни жорий қилишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Киевга ёрдам 2025 йилда ҳам давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украина Президенти Владимир Зеленскийни Москва бошлаган урушни тугатиш учун Россия билан музокара ўтказишга рози бўлишга чақирганди.
LiveБарчаси