АҚШ Украинага яна 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратди

Олам 1450
image

Қўшма Штатлар Украинага яна 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этмоқда, бу эса тўртта Авенгер ҳаво мудофаа тизимини Киевга топширишни назарда тутади. Бу ҳақда кеча, 10 ноябрь куни Пентагон матбуот хизмати хабар берди. 

“Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги Украинанинг муҳим хавфсизлик ва мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун 400 миллион долларгача хавфсизлик ёрдами учун рухсат берганини эълон қилди”, дейилади баёнотда. 

Кейинги ёрдам пакетига Hawk ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар, тўртта Авенгер ҳаво мудофаа тизими, HIMARS ялпи ракета тизими учун қўшимча ўқ-дорилар, 100 та ҳарбий йўлтанламас автомобиллар, 21 000 дан ортиқ 155 мм артиллерия снарядлари, 10 000 120 мм миномёт снарядлари, 400 гранаталар, шунингдек,  ўқ-дорилар,  тўсиқларни тозалаш ускуналари ва совуқ ҳаво воситалари киради. 

Янги пакет билан Жо Байден президентликка келганидан бери Вашингтоннинг Киевга берган умумий ҳарбий ёрдами 19,3 миллиард доллардан ошди. 

Украина учун ёрдам гуруҳи йиғилиши

Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингхнинг айтишича, АҚШ жорий йилнинг 16 ноябрь куни Украинага ёрдам бериш гуруҳи йиғилишини ўтказади.  

“Кейинги ҳафта [Мудофаа вазири Ллойд Остин] Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича алоқа гуруҳининг еттинчи йиғилишини ўтказади. Бу учрашув Пентагонда сиртдан бўлиб ўтади”, дейди у.  

Сингхга кўра, 50 га яқин давлат мудофаа вазирлари Украинани суверенитетини ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилади. Унинг аниқлик киритишича, гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши 16 ноябрь куни бўлиб ўтади. 

Шунингдек, матбуот котиби ўринбосари Вашингтон ва Киев жанг майдонидаги шароит, об-ҳаво шароити ўзгаргани учун турли ҳарбий техника етказиб бериш масаласини муҳокама қилаётганини айтди. 

Аввалроқ АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан брифингда Қўшма Штатлар Украинага янги қурол-яроғларни топширишини, бу эса Вашингтон иттифоқчилари таклиф қилаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа ёрдамини тўлдириши кераклигини айтган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3
t
×