АҚШ Украинадан йил охиригача сайловлар ўтказишни талаб қилмоқчи
Олам
−
01 Февраль
4508Агар Киев яқин ойларда Россия билан сулҳга эриша олса, АҚШ Украинада 2025 йил охиригача президентлик ва парламент сайловлари ўтказилишини истайди. Бу ҳақда АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогг “Reuters” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Кўпгина демократик мамлакатларда уруш пайтида ҳам сайловлар ўтказилади. Бу жуда муҳим ва демократия учун фойдалидир. Барқарор демократиянинг моҳияти шундаки, унда ҳар доим бир нечта номзод иштирок этиши мумкин”, дейди Келлогг.
“Reuters” манбаларига кўра, агар Украинада президентлик сайловлари ўтказилса, ғолиб Москва билан узоқ муддатли келишув бўйича музокаралар олиб бориш учун жавобгар бўлиши мумкин. Бироқ Украина расмийларига кўра, Трамп маъмурияти ҳозирча Киевга сайловларни йил охиригача ўтказиш бўйича расмий сўров билан чиқмаган.
Маълумот учун, 2023 ва 2024 йилларда ҳам Байден маъмурияти вакиллари украиналик ҳамкасблари билан сайлов ўтказиш масаласини муҳокама қилган, бироқ Киев бу таклифни рад этган. Украина томони сайловларнинг ҳозирги беқарор шароитда ўтказилиши мамлакат етакчиларини бўлиб юбориши ва Россиянинг таъсир кампанияларига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, уни рад этган эди.
Украина ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, Россия Президенти Владимир Путин сайлов мавзусидан келажакдаги музокараларни бузиш учун баҳона сифатида фойдаланмоқда.
“У Украинада сайловлар ўтказилмаса, келажакда у ҳар қандай келишувларга эътибор бермаслигини айтиб, тузоқ қурмоқда”, деди манба.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Украина Президенти Владимир Зеленскийни мамлакатга қонуний раҳбар деб ҳисобламаслигини айтиб, у билан музокара ўтказишга рухсат берган эди. Шу билан бирга, Зеленский билан тинчлик шартномасини имзолаш имкониятини рад этганди.
Кейинроқ эса АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Россия билан Украина можаросини тугатиш бўйича “жуда жиддий” музокаралар олиб бораётганини маълум қилди ва Владимир Путин билан гаплашмоқчи эканини айтди.
LiveБарчаси