Путин Зеленский билан тинчлик битимини имзолашдан бош тортди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказишга рухсат берди, шу билан бирга у билан тинчлик шартномасини имзолаш имкониятини рад этди. Бу ҳақда у кеча, 28 январь куни “Россия 1” давлат телеканали эфирида сўз очди. 

Путин Украина давлати раҳбарини қонуний деб ҳисобламаслигини айтди.

"Сиз ҳар ким билан музокара қилишингиз мумкин, лекин нолегитимлиги туфайли у (Зеленский) ҳеч нарсага имзо чекишга ҳақли эмас. Агар у музокараларда иштирок этишни истаса, мен бу музокараларни олиб борадиган одамларни тайинлайман", деб таъкидлади Путин.

Шу тариқа, Россия раҳбари Украина Президенти, унинг нуқтаи назаридан, мамлакатда сайловлар ўз вақтида ўтказилмагани сабабли ўз лавозимида қола олмайди, деган таъкидини яна бир бор такрорлади.

Қайд этиш жоиз, Украинада уруш давом этар экан, Зеленский давлат раҳбари бўлиб қолади, деган консенсус мавжуд. Шу билан бирга, Путиннинг ўзи сайланишининг қонунийлиги Россия мухолифати томонидан мунтазам равишда сўроқ остига олинади. Бундан ташқари, 2024 йил апрелида Европарламент Европа Иттифоқини Россиядаги президентлик сайловлари натижалари ва Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларидаги овоз бериш натижаларини тан олмасликка чақирган.

Кечаги эфирга қайтадиган бўлсак, Путин яна бир бор Зеленскийнинг 2022 йилдан Россия Федерацияси Президенти сифатида у билан музокаралар олиб боришни тақиқловчи фармонига ишора қилди. Путиннинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси билан музокаралар ўтказиш имкониятини очиш учун ушбу фармонни бекор қилиш керак ва буни Олий Рада раиси амалга ошириши мумкин.

Россия Президенти, шунингдек, Ғарб давлатлари Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам беришни тўхтатса, уруш икки ой ичида тугашини даъво қилди.

Шунингдек, у 2022 йилнинг баҳорида Владимир Зеленский билан шахсий учрашувга тайёр бўлганини ва АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жо Байденга “тегишли сигналларни юборганини” даъво қилмоқда.

Бир неча кун олдин Путин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг урушни имкон қадар тезроқ тугатиш зарурлиги ҳақидаги баёнотларига изоҳ берар экан, Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича билан ҳам музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилган эди. Россия Президентининг сўзларига кўра, Киев музокаралар бошланишига тўсқинлик қилмоқда.

АҚШ Президенти лавозимига киришгач, Дональд Трамп Путинни очиқчасига Украинага қарши урушни тўхтатишга чақирди ва “келишув” тузишдан бош тортган тақдирда АҚШ, шунингдек, бундай чораларни қўллаб-қувватлайдиган бошқа мамлакатлар томонидан “барча Россия товарларига” юқори солиқлар, божлар ва санкциялар жорий этилиши билан таҳдид қилди. 

Ўз навбатида, Владимир Зеленский Киев Москва билан урушни тўхтатиш бўйича тўғридан тўғри музокаралар “кучли позициядан” олиб бориладиган бўлса, бу АҚШ Президенти хавфсизлик кафолатларини тақдим этган тақдирда амалга ошиши мумкинлигини айтди. Украина Президенти бундай кафолат НАТОга аъзолик ёки АҚШ иштирокида Ғарб тинчликпарвар кучларининг мавжудлиги бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг