АҚШ Украинадан 100 минггача қочқинни қабул қилмоқчи
Олам
−
24 Март 2022
4805Америка Қўшма Штатлари Украинадан 100 минггача қочқинни, биринчи навбатда оила аъзолари АҚШда яшаётганларни қабул қилмоқчи. Бу ҳақда бугун, 24 март куни Оқ уй тарқатган баёнотда айтилади.
“Биз кўплаб украиналиклар Украинадаги оилалари ва уйларига яқинроқ Европа [мамлакатлари]да қолишни танлашини кутаётган бўлсак-да, АҚШ бугун Россия тажовузидан қочган 100 000 га яқин украиналик ва бошқаларни мавжуд қонуний асосларга кўра қабул қилишни режалаштираётганини эълон қилмоқда.
Биз оила аъзолари аллақачон АҚШда яшаётган украиналикларни қабул қилишга қаратилган янги дастурларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар, шунингдек, қочқинларга ёрдам кўрсатишнинг бошқа шакллари бир-бирини тўлдириши ва унга жуда муҳтож бўлган Украина қўшниларига ёрдам беришини таъминлаш учун яқиндан мувофиқлашмоқда”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Қайд этилишича, шунингдек, АҚШ томонидан Украинага инсонпарварлик ёрдами учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилади.
Қўшма Штатлар Украинанинг урушдан жабр кўрган аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этиши урғуланмоқда. Шунингдек, Украина ва унинг қўшниларига Демократия ва инсон ҳуқуқлари жамғармаси орқали 320 миллион доллар маблағ ажратилади.
Қочқинлар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, Россия ҳужумлари бошланган 24 февралдан бери 3 миллион 626 минг 546 киши Украинани тарк этган.
Энг кўп украиналик қочқинлар Польшага борган – 2 144 244. Яна 555 021 қочқин Руминия чегараларини кесиб ўтди. Ҳозиргача Молдова 371 104, Венгрия 324 397 ва Словакия 256 838 украиналик қочқинни қабул қилган.
Бундан ташқари, Украинадан Россияга 271 254, Беларусга 4 938 киши келган. Умуман олганда, Украинани 3,6 миллион киши тарк этди, ички кўчирилганлар сони 6,5 миллионга йетди.
Қўшни давлатлар қаторида кўплаб украиналиклар Европанинг бошқа давлатларида бошпана топди.
Болгария ҳукумати баёнотига кўра, 24 февралдан 15 мартгача 78 мингга яқин украиналик мамлакатдан бошпана сўраб мурожаат қилган.
Хорватия уруш бошланганидан буён 8300 украиналик қочқин қабул қилингани, 270 мингдан ортиқ украиналиклар эса Чехияга киргани ҳақида хабар берди.
Бундан ташқари, 25 минг украиналик Эстонияда, 17 минг нафари Францияда, 147 минг нафари Германияда, 65 минг нафари Италияда, 6,3 минг нафари Латвияда, 27 минг нафари Литвада, 11 минг нафари Швейцария ва Буюк Британиядан бошпана топди.
Айни вақтда Туркияга 58 минг украиналик келган.
LiveБарчаси