АҚШ Туркия ва Арманистоннинг қарорини олқишлади 

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия ва Арманистоннинг икки давлат муносабатларини нормаллаштириш учун махсус вакиллар тайинлаш қарорини олқишлади

“Биз Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг нормаллаштириш жараёнини муҳокама қилиш учун махсус вакиллар тайинланиши ҳақидаги баёнотларини олқишлаймиз ва қаттиқ қўллаб-қувватлаймиз”, деб ёзган Америка дипломатияси раҳбари Twitter’да. 

Маълумот ўрнида, Туркия ва Арманистон икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш чораларини муҳокама қилиш учун махсус вакиллар тайинлаши ҳақида Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу мамлакат парламентида сўзлаган нутқида маълум қилган. 

Аввалроқ, Туркия ташқи ишлар вазири Истанбул ва Ереван ўртасида чартер рейслари тикланиши ҳақида ҳам айтиб ўтганди. Чавушўғлу, шунингдек Анқаранинг Арманистон билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган қадамлар борасида Озарбайжон билан мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилишини таъкидлаган.  

Шунингдек, Арманистон ТИВ расмий вакили Ваан Унанян ҳам Ереван Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича мулоқот ўтказиш учун ўзининг махсус вакилини тайинлашини тасдиқлаган. Унинг таъкидлашича, Арманистон Туркия билан муносабатларни ҳеч қандай шартларсиз нормаллаштириш жараёнига тайёр, бу мамлакат ҳукумати дастурида кўрсатилган. 

Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар йўқ, икки давлат ўртасидаги чегара Анқара ташаббуси билан 1993 йилдан бери ёпилган. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблашишига Анқаранинг Қорабоғ муаммоси бўйича Озарбайжон позициясини қўллаб-қувватлаши ва 1915 йилда Усмонли империясида арманларнинг геноцидини халқаро тан олиш жараёнига Туркиянинг кескин муносабати билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар сабаб бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Арманистон

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг