АҚШ Транскаспий газ қувури лойиҳасини жадаллаштиришни истайдими?
Олам
−
16 июл 3050 4 дақиқа
АҚШ Сенатининг нуфузли аъзоси Стив Дейнс Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда асосий мавзу очиқланмаган бўлса-да, кузатувчилар Вашингтон Транскаспий газ қувури қурилишига янги суръат беришга уринмоқда, деб ҳисоблаяпти. Бу ҳақда “Euroasia” нашри хабар қилди.
Нашрнинг ёзишича, Монтана штатидан сайланган республикачи сенатор Стив Дейнс Конгрессда АҚШнинг Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари билан яқин алоқаларини қўллаб-қувватловчи энг нуфузли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. У сенаторлик муддати 2027 йил январда тугагач, сиёсатдан кетиши кутилмоқда. Шу боис унинг Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистонга расмий сафари лавозимдаги энг муҳим ташрифларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, Дейнс ҳар уч мамлакатнинг олий раҳбарлари билан учрашган. Учрашувлар мазмуни ҳақида томонлар деярли маълумот бермаган. Расмий баёнотларда асосан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истаги таъкидланган.
Жорий йилнинг 7 июль куни АҚШнинг Озарбайжондаги элчихонаси Дейнс Бакуга ташриф буюрган АҚШ юқори мартабали расмийлари қаторига қўшилганини билдирган. Баёнотда ташрифнинг мақсади Президент Илҳом Алиев ва АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс жорий йил февралда имзолаган Стратегик шериклик хартиясини илгари суриш экани қайд этилган.
8 июль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам икки мамлакат ўртасидаги савдо, иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик барқарор ўсиб бораётгани таъкидланган.
Шунга қарамай, бир қатор омиллар Дейнс ташрифининг асосий мавзуси Каспий денгизи тубидан ўтадиган газ қувури бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Учрашувлар ҳақидаги расмий ахборотларда тафсилотлар оз бўлса-да, умумий кайфият ижобий бўлгани эътиборга молик.
Туркманистонда Дейнс нафақат мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов, балки мамлакатда энг таъсирли шахс ҳисобланадиган унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам музокара ўтказган. Туркманистон расмийлари мамлакатнинг АҚШ билан ёқилғи-энергетика, транспорт, молия-банк соҳаси, илғор технологиялар ва сунъий интеллект каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилган.
Шунингдек, Ашхобод АҚШнинг Туркманистон газини Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга етказишни кўзда тутувчи транс-Афғон газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолаган. Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ҳақидаги алоҳида ахборотда эса энергетика ва транспорт соҳалари ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида тилга олинган.
Нашрга кўра, Туркманистон узоқ йиллар давомида Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликда эҳтиёткор сиёсат юритиб келган. Ҳукумат ташқи таъсирлар мамлакатдаги авторитар бошқарув тизимига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирланган. Бироқ сўнгги ойларда Ашхободнинг Марказий йўлак (Middle Corridor) савдо тармоғига интеграциялашишга қизиқиши ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Сўнгги вақтларда нафақат Туркманистон, балки Қозоғистон ҳам мазкур лойиҳага қизиқиш билдирмоқда. Россия–Украина уруши туфайли Россия орқали ўтадиган экспорт йўлакларида юзага келган муаммолар Остонани энергия экспорт йўналишларини диверсификация қилишга ундамоқда.
2026 йил бошида Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари Устюрт платосида йирик газ захиралари аниқланганини маълум қилган эди. Мутахассислар фикрича, ушбу конларни ўзлаштириш келажакда Транскаспий газ қувурининг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Маълумот учун, Транскаспий газ қувури Ўзбекистон ҳудудидан ўтмайди, аммо у мамлакат учун ҳам маълум иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин. Хусусан, Устюрт ҳудудида аниқланган йирик газ захиралари келажакда Қозоғистон орқали ушбу экспорт тизимига уланиш имконини бериши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса Марказий Осиё давлатлари учун Европа бозорига чиқишнинг янги энергетика йўлагини шакллантириши ва газ экспорти имкониятларини кенгайтириши мумкин. Шунингдек, янги маршрутнинг пайдо бўлиши минтақадаги газ бозори ва нархларига ҳам таъсир кўрсатиши турган гап.
Транскаспий газ қувури лойиҳаси қарийб 30 йилдан буён муҳокама қилиб келинмоқда. Бироқ унинг амалга ошишига бир қатор омиллар тўсқинлик қилди. Жумладан, Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми узоқ йиллар давомида баҳсли бўлиб келган, лойиҳанинг қиймати эса бир неча миллиард долларни ташкил этади.
Шунингдек, Россия ва Эрон ушбу қувурни ўз газ экспортига рақобатчи сифатида кўриб, унга қарши чиққан. Туркманистон эса узоқ вақт мобайнида ўз газини асосан Хитойга экспорт қилишни афзал кўрган. Бироқ Россия–Украина уруши ортидан Европа мамлакатлари Россия газига муқобил манбаларни фаол излай бошлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов “Каспий денгизи – тинчлик ва дўстлик денгизи” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда сўзлаган нутқида мамлакат Европа Иттифоқига туркман газини етказиб бериш режалаштирилган Транскаспий газ қувури лойиҳаси бўйича европалик шериклар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирган эди.
Ундан аввалроқ эса Президент Илҳом Алиев маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида Озарбайжон Транскаспий газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлашини, лекин уни амалга ошириш ташаббускори бўла олмаслигини айтганди.
2023 йил августида Туркманистон Ташқи ишлар вазирилиги Россия Федерацияси Қозоғистон ва Ўзбекистонга таклиф қилган “газ иттифоқи”ни кенгайтириш ҳақидаги баёнотлари Туркманистон манфаатларига зидлигини билдириб, Хитойга йирик ҳажмдаги газ етказиб беришда Россияни Туркманистон-Хитой газ қувурига улашни режалаштирмаётганини таъкидлаган.
Шундан сўнг, ўша ойнинг ўзидаёқ Будапешт ва Ашхобод Венгрияга туркман газини етказиб бериш бўйича сиёсий келишув имзолаганди.
Live
Барчаси