АҚШ Тайвань масаласида “қизил чизиқ”дан ўтди – Расмий Пекин

Олам

image

Қўшма Штатлар Тайвань масаласи бўйича рухсат этилган чегаралардан чиқиб кетяпти. Шунинг учун Хитой ўз суверенитетини қатъий ҳимоя қилади ва айирмачилар, шунингдек уларнинг хорижий ҳамкорларига Тайвань мустақиллиги учун заррача имкон қолдирмайди. Бу ҳақда Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин айтиб ўтди.

"Қўшма Штатлар Тайвань муаммоси бўйича Хитойга доимо эътироз билдиряпти, улар "қизил чизиқ" ва рухсат этилган чегараларни кесиб ўтди. Биз Тайвандаги сепаратистик унсурлар ва ташқи сиёсий кучларнинг [Хитойнинг ички ишларига] аралашувига кескин қаршимиз ҳамда уларга заррача имконият бермаймиз. Хитой ҳукумати ва халқи ўз мамлакатининг суверенитети, хавфсизлик манфаатлари ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилади”, дейди Чуньин.

Хитойлик дипломатнинг сўзларига кўра, Пекин АҚШ расмийларининг Тайвань мустақиллиги тарафдорларига бир томонлама “нотўғри ишора” бергани ва ўз ваъдаларини унутиб, “Ягона Хитой” тамойилини қўпол равишда бузаётгани муносабати билан Вашингтонга бир неча бор норозилик билдирган.

“Хитой Халқ Республикаси барча зарур қарши чораларни кўрмоқда – бу тўғри ва зарур”, дея қўшимча қилган Хуа Чуньин.

Унинг аниқлик киритишича, агар АҚШ Тайвань масаласида худди шундай руҳда ҳаракат қилишда давом этса, бу “жиддий оқибатларга” олиб келади. 

"Қўшма Штатлар содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олади", деб хулоса қилган ТИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.

Пелоси Осиё турнеси давомида Малайзия, Сингапур, Корея ва Японияга бориши режалаштирилган. Сафар апрель ойида амалга оширилиши керак эди. Бироқ палата спикери коронавирусга чалингач, сафар кечиктирилди.

Хитой Пелосининг Тайванга бориши муносабатларга жиддий путур етказиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Ҳатто унинг самолётини уриб тушириши мумкинлигини кўрсатиш учун Тайваньга энг яқин вилоятида ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ҳолда машғулот бошлади. Ҳатто вилоятга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилди.

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

209

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг