AҚШ сенаторлари минглаб афғонларни Африкага юбормасликка чақирди
Олам
−
19:04 694 2 дақиқа
АҚШ сенаторлари мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмуриятини афғонистонликларни Конго Демократик Республикасига (КДР) кўчириш режасидан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда 22 нафар сенаторнинг Давлат котиби Марко Рубиога юборилган мактубида сўз боради.
Марко Рубиога ёзилган мактубда сенаторлар бу режа ҳақида чуқур хавотир билдирган. Сенаторларнинг таъкидлашича, бу одамлар АҚШ ҳарбийлари билан бирга таржимон, махсус операциялар ходими ва ёрдамчи сифатида ишлаган. Уларни КДРга юбориш “шафқатсизлик ва хиёнат” бўлади.
“Америка ўз иттифоқчиларига ваъда берган. Улар бизнинг ўғил-қизларимиз билан бирга жанг қилди ва Америка уларни ташлаб кетмаслигига ишонган”, дейилади мактубда.
Шунингдек, хатда айтилишича, уларнинг кўпи АҚШ томонидан 20 йил давомида текширувдан ўтган ва 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШга кўчириш ваъда қилинган.
Бунинг ўрнига улар ҳозир икки ёмон танлов олдида қолмоқда:
- Афғонистонга қайтиш (таъқиб ва хавф остида қолиш);
- Уруш ва гуманитар инқироздан азият чекаётган КДРга юборилиш.
Ҳозир Қатардаги 1100 дан ортиқ афғон қочқинлари ноаниқ ҳолатда қолмоқда. Улар орасида таржимонлар, махсус кучлар аъзолари ва уларнинг оилалари бор. Сўнгги маълумотларга кўра, Трамп маъмуриятининг ушбу ҳаракати АҚШ сиёсатчилари томонидан кескин танқид қилинган.
“Мен бу ҳақда билмайман, текшириб кўраман,” дея гўёки бундан хабари йўқдек муносабат билдирган Трамп.
Сенаторлар маъмуриятни афғон қочқинларини мажбуран бошқа давлатга кўчириш бўйича музокараларни тўхтатишга ва АҚШга ёрдам берганларга берган ваъдаларини бажаришга чақирган. АҚШ Давлат департаменти афғонларни КДРга кўчириш режаси борлигини ҳозирча расман тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп 2001–2021 йиллардаги Афғонистондаги уруш вақтида АҚШга ёрдам берган 1000 дан ортиқ афғонистонликни Конго Демократик Республикасига (КДР) депортация қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси