АҚШ Россияни Украинага қарши кимёвий қурол қўллаганликда айблади

Олам

image

Россия кимёвий қуролдан фойдаланиш бўйича халқаро тақиқни бузди. Бу ҳақда 1 май куни АҚШ Давлат департаменти томонидан Россия Федерациясига қарши янги санкция чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маълум қилинди.

Америка ташқи сиёсат департаментининг даъво қилишича, рус қўшинлари Украина Қуролли кучлари аскарларига қарши безовта қилувчи заҳарли модда бўлган хлоропикриндан фойдаланган.

Шу муносабат билан АҚШнинг янги санкциялар рўйхатига Россия Мудофаа вазирлигининг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари, Россия амалий акустика илмий-тадқиқот институти ва Россия Мудофаа вазирлигининг 48-сонли марказий илмий-тадқиқот институти, шунингдек, тўртта компания киритилди.

“Бундай кимёвий моддалардан фойдаланиш алоҳида ҳодиса эмас ва у Россия кучларининг Украина қўшинларини мустаҳкамланган позициялардан чиқариб юбориш ва жанг майдонида тактик ютуқларга эришиш истаги билан боғлиқ”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Маълумотларга кўра, бўғувчи ва кўз ёш оқизувчи хлоропикрин Россияда ҳам мамлакат ичидаги оммавий норозилик намойишларини бостириш доирасида ишлатилган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича Гаага ташкилоти (OPCW) томонидан тақиқланган хлоропикрин суюқлик бўлиб, буғлари тери ва шиллиқ пардаларга таъсир қилади ва юқори концентрацияларда диафрагма мушакларининг назоратсиз конвулсияларини келтириб чиқаради.

У биринчи жаҳон уруши пайтида немис қўшинлари томонидан ишлатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия кимёвий қурол Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг