АҚШ Россияга яна санкция киритмоқчи. Бу сафар русларни нима кутяпти?

Олам

image

АҚШ маъмурияти Россиянинг "Мир" тўлов тизимига қарши санкциялар қўллаш ва Россия Федерациясидан кўпроқ банкларни халқаро банклараро хабар алмашиш тизими (SWIFT)дан узиб қўйиш имкониятларини ўрганмоқда ва санкциялар молия институтларига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 28 сентябрь куни кечқурун “The Wall Street Journal” манбаларга таяниб хабар берди. 

Унинг сўзларига кўра, санкциялар “мамлакат иқтисодиёти учун муҳим” молиявий институтларга, жумладан, Омонатларни суғурталаш агентлигига, Ҳисоб-китоблар миллий депозитарийсига ва Миллий клиринг марказига, шунингдек, “Мир” тўлов тизимига таъсир қилиши мумкин. АҚШ расмийларининг нашрга айтишича, Вашингтон Москва улардан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун фойдаланаётганига амин. 

Қўшма Штатлар, шунингдек, экспорт назоратини Россиядан "иқтисод фаолияти учун муҳим" товарларнинг кенгроқ рўйхатига кенгайтиришни мақсад қилган. Нашрнинг таъкидлашича, чекловлар кўпроқ давлат компанияларига ҳам таъсир қилиши мумкин. 

Газетанинг суҳбатдошлари Россия Федерациясига қарши қандай санкциялар қўлланилиши бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини таъкидламоқда. 

“Якуний қарорни қабул қилишда Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши, шунингдек, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьенинг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича референдумлар ўтказилиши муносабати билан Украинадаги вазият инобатга олинади”, деб ёзади газета. 

“Bloomberg” агентлигининг 23 сентябрь куни хабар беришича, Европа Иттифоқи Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши санкцияларни ишлаб чиқишда давом этмоқда. Бир қанча давлатлар, жумладан Ирландия, Латвия, Литва, Польша ва Эстония Россия энергетика ресурсларига нисбатан санкцияларни кенгайтириш тарафдори. Таклифлар орасида Россия Федерациясидан бошқа банкларни, жумладан Газпромбанкни ҳам SWIFT’дан узиш ҳам бор эди. Шунингдек, Россияга доллар пулларини ўтказишни тақиқлаш ва криптовалюта активлари билан операцияларни назорат қилиш чораларини кучайтириш таклиф қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

228

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг