АҚШ Россия ва Хитой сабаб синови кечиктирилган баллистик ракетасини учирди (видео)

Олам

image

Бугун, 16 август куни АҚШ армияси Тайвандаги кескинлик туфайли кечиктирилган Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини (ҚБР) синовдан ўтказди. Бу ҳақда сешанба куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари бўлинмаси маълум қилди.

“ҲҲКнинг Глобал ҳужум қўмондонлиги ҳарбийлари 16 август куни соат 00:49 да Калифорниядаги Венденберг космик кучлар базасидан Ер атмосферасига қайтувчи синов жанговар каллаги билан жиҳозланган Minuteman III ҚБРни учирди”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, синовлар “АҚШ ядровий кучларининг тайёрлигини кўрсатиш”, шунингдек, “миллий ядровий стратегик кучларнинг самарадорлигини” исботлаш мақсадида ўтказилган. Шундай қилиб, Қўшма Штатлар ўз қуроллари XXI аср таҳдидларининг олдини олиш учун “хавфсиз, ишончли ва самарали” эканлигини намойиш этган.

“Тегишли синовлар аввал 300 мартадан кўпроқ ўтказилган ва бу синов дунёдаги ҳозирги воқеаларга алоқадор эмас”, дея таъкидлаган ҳарбий идора.

Баёнотга кўра, қитъалараро баллистик ракетанинг жанговар каллаги тахминан 4,2 минг миля (тахминан 6,7 минг км) масофани босиб ўтган ва Тинч океанидаги Маршалл оролларигача етиб борган.

Август ойи бошида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайвань оролига ташрифи ва АҚШ-Хитой муносабатларидаги кескинлик туфайли Вашингтон Minuteman III ҚБР синовини кечиктирганди. Бундн олдинроқ, апрель ойида АҚШ ҳарбийлари Россия билан қарама-қаршлик кучайиб кетмаслиги учун худди шу ракета синовини бекор қилганди.

Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайбейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.

Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммуникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.

Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.

Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.

Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.

Хитой-Тайвань масаласи

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ракета

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг