АҚШ Россия таъсирига қарши курашиш учун 290 млн доллар ажратади
Олам
−
28 Декабрь 2020
4802Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати Россия таъсирига қарши курашиш учун 290 миллион доллар ажратмоқда. Бу ҳақда АҚШ Президенти Доналд Трамп кеча, 27 декабрь куни маъқуллаган 2021 йилда Ҳукумат фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳалари тўпламининг бирида айтилган.
Давлат департаменти Россиянинг таъсирига ва бутун дунё бўйлаб демократик институтларга ишончсизликни келтириб чиқаришга уринишларга қарши курашиш учун 290 миллион доллар ажратиш мажбуриятини олади. Хусусан, гап АҚШ давлат бюджетидан молиялаштириладиган “Америка Овози” ва “Озодлик / Озод Европа” радиостанциялари фаолиятига маблағ ажратиш ҳақида кетмоқда.
Шу билан бирга, 300 миллион доллар Хитой таъсирига қарши курашиш учун ажратилган. Ҳужжатларда, шунингдек, Европа, Евроосиё ва Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва хавфсизлик кучларининг салоҳиятини кучайтириш ҳамда хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш дастурларига йўналтирилган маблағлар ҳақида сўз боради.
Шунингдек, АҚШ бюджетидан Россия Федерацияси ва Европанинг бошқа мамлакатлари, Евроосиё ва Марказий Осиёда демократияни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Интернетда эркинликни тарғиб қилиш учун ҳам маблағ ажратилади. Шу билан бирга, 20 миллион доллар Марказий Европада демократия ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга, шу жумладан шаффофликни, мустақил оммавий ахборот воситалари, қонун устуворлиги, озчиликларнинг ҳуқуқлари ҳамда антисемитизмга қарши кураш дастурларини таъминлашга йўналтирилади.
LiveБарчаси