АҚШ Россия сабаб Саудия билан муносабатларини тикламоқчи

Олам 6671
image

Америка Қўшма Штатлари Саудия Арабистони билан “The Washington Post” газетасининг саудиялик журналисти Жамол Қошиқчи ўлдирилиши ортидан ёмонлашган муносабатларни қайта тикламоқчи. Бу ҳақда кеча, 10 июнь куни CNN АҚШ маъмуриятининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали вакилларига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар Президенти Жо Байден Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг нефть ва газ нархи ошиши сабабли Саудия Арабистони билан муносабатларни яхшилашга қарор қилган. 

Нашрга кўра, Вашингтон араб мамлакатлари томонидан ёқилғи қазиб олишни кўпайтириш масаласида Ар-Риёддан ёрдам олишга умид қилмоқда, бу эса Оқ уйга инфляцияни жиловлашда ёрдам бериши керак.

Бироқ мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши Қошиқчи ўлдирилиши учун “кечирим” дегани эмас. Уларга кўра, июль ойида Жо Байден АҚШ маъмурияти расмийлари жавобгарликка тортилишини сўраган валиаҳд шаҳзода билан бу масалани муҳокама қилади.

Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги Бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини тан олган.

2020 йил сентябрь ойида Саудия Арабистони суди Қошиқчи қотиллиги бўйича якуний ҳукмни чиқарган. Саккиз айбланувчидан беш нафари 20 йилга, бир нафари 10 йилга, яна икки нафари эса етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 368
Рейтинг: 2.9
t
×