АҚШ разведкасини шарманда қилиб, руслардан бошпана топган америкалик жосус Сноуден ким эди?

Таҳлил 36834
image

Қочқин. Оғриқли ном. Хотиралар, соғинч, хавотир... Дунёда бу туйғулар билан таъқиб ва таҳдид остида яшаётганлар талайгина. Ишонасизми ё йўқ, ҳар дақиқада ер юзида 24 киши ўзи яшаб турган заминдаги уруш, қуролли тўқнашувлар, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши, Ҳукуматнинг босими остида Ватанини тарк этади. Бугун сайёрамизда 80 миллиондан ортиқ инсон истар-истамас қочқин деган тамға билан яшамоқда

Бугун, 20 июнь “Бутунжаҳон қочқинлар куни”. Шу муносабат билан юқорида қайд этилган 80 миллион тақдирлар ичида шов-шувли ва шу билан бирга энг хатарли кунларни бошидан ўтказган америкалик жосус Эдвард Сноуден ҳақида суҳбатлашамиз. 

Сноуденнинг АҚШ разведкасини фош қилиши

Эдвард Сноуден – америкалик техник мутахассис ва махсус агент, Марказий разведка бошқармаси ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг (МХА) собиқ ходими. 2013 йил июнь ойи бошида Сноуден Британиянинг “The Guardian” ва АҚШнинг “The Washington Post” газеталари орқали Америка разведка хизматларининг қабиҳ ишларини фош қилганди. Сноуден тақдим қилган фактларга кўра, АҚШ разведкаси мавжуд ахборот тармоқларидан ҳеч кимнинг розилигисиз фойдаланган ҳолда дунёнинг барча давлатларини кузатган ҳамда исталган инсоннинг шахсий маълумотларига эга чиққан. Шундан сўнг, дунё ҳамжамиятида демократия тарғиботчиси — АҚШга нисбатан нафрат кучайиб кетди. 

Ҳаммаси қандай содир бўлганди?

Пентагон ҳисоботига кўра, собиқ махсус агент Сноуден АҚШ разведкасидан 1,7 миллион махфий файлларни ўғирлаб кетган. Собиқ агентнинг ўғирликдан кўзлаган мақсади АҚШ разведкасининг жиноятларини исботлаш учун далилларга эга чиқиш эди. Исбот ва далилларсиз ҳеч ким уни нафақат эшитмаган, балки телбага чиқарган бўларди. Бу ҳужжатларнинг аксарияти “АҚШ армияси, денгиз флоти, денгиз пиёда қўшинлари ва ҳаво кучларининг ўта муҳим операциялари” тўғрисида бўлган. Махфий ҳужжатлар ўғирлаб кетилганидан сўнг, Қўшма Штатларда 2013 йил 14 июнда Сноуденга жосуслик ва давлат мулкини ўғирлашда сиртдан айблов эълон қилинди. У АҚШ расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилди. 

Нега у ўз Ватани разведкасини сотди? 

Юқорида қайд этилганидек, у АҚШ разведкасида ишлаган. У махфий операциялар вақтида разведка исталган инсоннинг шахсий маълумотларига, ёзишмаларига кира олиши ва ундан фойдаланиши мумкинлигини ўз кўзи билан кўрган. Бу эса унинг аҳлоқий дунёқарашига тўғри келмаган. Разведка суднинг қарорисиз, одамларнинг рухсатисиз шахсий маълумотларга эга чиқиши, ундан бемалол фойдаланиши ва энг ёмони смартфон, ноутбукларнинг камера ҳамда микрафонлари орқали ҳар қайси инсонни кузатишини Сноуден нормал қабул қила олмаган. У буларнинг барчасини инсониятга қарши қаратилган жиноят, дея баҳолаган. 

Халқаро қидирувга берилган Сноуден қаердан бошпана топди?

Разведка ҳужжатларини ўғирлаган Сноуден, дастлаб Хитойга, аниқроғи Гонконгга қочиб кетди. Кейин Россияга учди. У ерда бир ойдан кўпроқ вақт давомида “Шереметьево” аэропортининг транзит зонасида яшади. Қайд этиш керакки, “Шереметьево” аэропорти тез-тез сиёсий воқеликларнинг гувоҳи бўлиб туради. Жумладан, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ҳам айнан шу аэропортда ҳибсга олинган. 

Аэропортда яшаётган Сноуден 2013 йил 1 августда Россия Федерациясидан вақтинча бошпана олди. Бир йил ўтиб уч йиллик, бу муддат тугаганида эса яна уч йиллик яшаш учун гувоҳнома олган собиқ жосус 2020 йилда Россияда муқим яшаш гувоҳномасига эга бўлди. Хавфсизлик нуқтайи назаридан унинг айни вақтда Россиянинг қаерида яшаётгани тўғрисида маълумот мавжуд эмас.

 

Сноуденга ким яқиндан ёрдам берган?

Wikileaks ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу — аноним манбалардан олинган махфий маълумотларни нашр этадиган халқаро нотижорат ташкилот. Wikileaks’нинг асосчиси австралиялик интернет журналисти ва телебошловчи Жулиан Ассанж ҳисобланади. У вир вақтнинг ўзида ушбу ташкилотнинг бош муҳаррири ва директоридир. Айнан Ассанж ўз жамоаси билан Сноуденга АҚШни тарк этишга ёрдам берган. Бундан ташқари, Ассанж ва унинг командаси Сноуденга АҚШни фош қилиш учун ташкилий ишларда, жумладан ишончли ОАВ билан боғланишда ҳам кўмаклашган. Шу билан бирга, Ассанж Сноуденга Хитой ёки Россияга қочишни ҳам маслаҳат берган.

Қайд этиш керакки, Ассанжнинг ўзи бугун Британияда қамоқда ўтирибди. Америка расмийлари Wikileaks асосчисини жосуслик ва махфий маълумотларни ошкор қилишда айбламоқда. Бунинг учун у 175 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ассанж Афғонистон ва Ироқда АҚШ ҳарбийларининг ноқонуний ҳаракатларини фош этувчи материаллари билан танилган. У АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари пайтида тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳамда Американинг Гуантанамо қамоқхонасидаги шароитлар тўғрисида махфий маълумотларни оммага эълон қилган.

Фото: Жулиан Ассанж

Жулиан Ассанж россиялик журналист Владимир Познерга берган интервьюсида нега Россия ёки Хитойга қочиб кетмагани, аксинча, АҚШнинг гапи ўтадиган Буюк Британияда қолгани ҳақидаги саволга жавоб берган. Унинг фикрига кўра, агар у Россияга қочганида Ғарб ундан Москва жосусини ясаши мумкин эди.  

Сноуден ҳақида ишланган ҳужжатли фильм

2016 йилда америкалик режиссёр Оливер Стоун собиқ агент Эдвард Сноуден ҳақида ҳужжатли фильм олди. Ушбу фильм АҚШ бутун дунёни инсон ҳуқуқларини поймол қилган ҳолда кузатишини очиб берган ва янада кўпроқ одам Америка разведкасининг жиноий хатти-ҳаракатларидан хабар топишига сабаб бўлган. 

Фото: Сноуден фильмидан кадр

Режиссёр Стоун журналист Познерга берган интервьюсида нега АҚШ Россиядан Сноуденни талаб қила олмагани ёки олиб чиқиб кетмагани ҳақида сўз очган. Унга кўра, Россия ядро қуролига эга мамлакат ва унинг ҳарбий салоҳияти АҚШнинг ҳаддидан ошишига йўл қўймайди. 

Россия Президенти Сноуден ҳақида

2013 йилда G20 саммити якуни бўйича ўтказган матбуот анжуманида Россия Президенти Владимир Путин Москвада бўлиб турган Сноуден ҳақида гапирган. Путин ўша саммит доирасида АҚШнинг 44-Президенти Барак Обама билан Сноуден масаласини, ҳатто, муҳокама қилмаганини айтган. 

“Расмий Москва Сноуденни Россияга таклиф қилмаган. У бизга тасодифан келиб қолди”, дейди Путин. 

Унинг таъкидлашича, АҚШ ўз вақтида Россияда қидирувда бўлган жиноятчиларни беришдан бош тортган, шундай экан Россия ҳам бундай қилмайди. 

2014 йилда Путин Петербург халқаро иқтисодий форумида Сноден ҳақида яна бир бор тўхталиб, “Россия инсон ҳуқуқлари учун курашувчи жангчиларни бериб қўядиган давлат эмас”лигини айтган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1232
Рейтинг: 4
t
×