БМТ: дунёда қочқинлар сони 82,4 миллион кишига етди 

Олам

image

Дунёда уруш ва зўравонликдан қочганлар сони ўтган йил давомида 4 фоизга ошди ва деярли 82,4 миллион кишига етди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигининг Женевада эълон қилинган ҳисоботида айтилган.  

“Коронавирус пандемиясига қарамай, 2020 йилда уруш, зўравонлик, таъқиб ва   инсон ҳуқуқлари бузилишидан қочганлар сони қарийб 82,4 миллион кишига етди”, дея таъкидлаган экспертлар, 

Таъкидланишича, 2019 йил охирида бу рақам 79,5 млн бўлган ва 12 ой ичида умумий ўсиш 4 фоизни ташкил этган. Ҳимояга муҳтожлар орасида 48 миллион киши ички кўчирилган одамлардир. Йил давомида улар Эфиопия, Судан, Саҳел, Мозамбик, Яман, Афғонистон ва Колумбия штатларидаги инқирозлар туфайли 2,3 миллионга ошган. 

“Ҳар бир рақам ортида уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган одамлар турибди”, деган БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди. 

Гранди, шунингдек, улар эътибор, қўллаб-қувватлаш ва “ечим топишга” лойиқ эканликларини таъкидлаган. Унга кўра, зиддиятларни ҳал қилиш учун “анча катта сиёсий ирода” талаб этилади. 

Ҳисоботда таъкидланганидек, уйларини тарк этишга мажбур бўлганларнинг 42 фоизи вояга етмаганлардир. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилдан 2020 йилгача 1 миллионга яқин бола “туғма қочоқ” бўлган. 

Мутахассислар ўтган йилда пандемия авжига чиққан пайтда 160 та давлат ўз чегараларини ёпиб қўйганига ва 99 та давлат ушбу режимда ҳимояга муҳтож чет элликларни ўз ҳудудига киритишда истисно қилмаганига эътибор қаратмоқда. Ўтган йил давомида 3,2 миллион киши ички кўчирилган ва 251 минг қочқин ўз уйларига қайтган. Яна 33,8 минг қочқин илгари бошпана топган мамлакатлар фуқаролигини олган. 

Гранди “дунё раҳбарлари ва нуфузга эга бўлганларни ўзаро келишмовчиликларни четга суриб, сиёсатга худбинлик билан ёндашишга чек қўйишга” чақирган. Унинг фикрига кўра, “кучларни тўқнашувларнинг олдини олиш ва уларни ҳал қилишга ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя етилишини таъминлашга йўналтириш” зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ қочқин дунё

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг